Logo

my.gov.uz сайтини сохталаштириш орқали пул ўғирлаганлар аниқланди

Киберхавфсизлик маркази 456 нафар фуқаронинг 1 млрд сўмдан ортиқ маблағини талон-торож қилган гуруҳни фош қилди.

my.gov.uz сайтини сохталаштириш орқали пул ўғирлаганлар аниқланди

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази 456 нафар фуқаронинг банк ҳисобларидан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилишда гумонланаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганини маълум қилди.

Тергов маълумотларига кўра, жиноий схемани Хоразм вилоятида туғилган 33 ёшли шахс ташкил этган. У Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz'нинг сохта нусхасини яратиб, Instagram орқали давлат томонидан компенсация ва ижтимоий нафақалар ажратилиши ҳақидаги ёлғон реклама тарқатган. Ишонч уйғотиш мақсадида «Молия вазирлиги» номи ҳам қўлланган.

Фуқароларга банк картасига автоматик равишда қарийб 30 млн сўм ўтказиб берилиши ваъда қилинган. Бунинг учун улардан сохта сайт орқали анкета тўлдириш ва банк картаси маълумотларини киритиш талаб этилган.

Дроп-карталар ва криптовалюта

Тергов жараёнида жиноий схемага 20–24 ёшли ёшлар ҳам жалб қилингани аниқланган. Улар 26 нафар шахс номига расмийлаштирилган 293 та дроп-картани гуруҳ ихтиёрига берган.

Фуқаролар ҳисобидан ўғирланган маблағлар дастлаб ушбу карталарга ўтказилган. Кейин эса уларнинг келиб чиқиш манбасини яшириш мақсадида криптовалютага айлантирилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу схемада киберфирибгарлик билан бир қаторда жиноий даромадларни легаллаштириш аломатлари ҳам мавжудлигини таъкидламоқда.

Жиноят иши қўзғатилди

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 278−6-моддаси (зарар келтирувчи дастурларни яратиш, ишлатиш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Киберхавфсизлик маркази фуқароларни давлат хизматлари ва ижтимоий тўловлар ҳақидаги хабарларни фақат расмий манбалар орқали текширишга, шахсий ва банк маълумотларини номаълум сайтларга киритмасликка чақирмоқда.

Сўнгги йилларда фишинг сайтлари ва сохта давлат хизматлари платформалари орқали амалга оширилаётган киберфирибгарлик ҳолатлари кўпаймоқда. Мутахассислар ҳар қандай компенсация ёки тўлов ҳақидаги таклифларга ишонишдан олдин веб-манзилнинг ҳақиқийлигини текширишни тавсия қилади.

Теглар

Мавзуга оид