Нархлар юқори, прогнозлар ёмон, рейслар бекор қилинмоқда: авиакомпаниялар ёқилғи инқирозини қандай бошдан кечирмоқда?

Бугун 11:034 дақиқа

Авиаёқилғи инқирози оқибатида йирик авиакомпаниялар молиявий стратегиясини ўзгартириб, йўловчиларга қўшимча тўловларни юкламоқда.

Нархлар юқори, прогнозлар ёмон, рейслар бекор қилинмоқда: авиакомпаниялар ёқилғи инқирозини қандай бошдан кечирмоқда?

АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш бошланганидан бери авиация ёқилғиси нархининг кескин, тахминан икки баравар ошиши авиасаноатни ўз бизнес стратегиясини ўзгартиришга мажбур қилмоқда. Компаниялар тарифларни оширмоқда, багаж нархини қимматлаштирмоқда, рейсларни қисқартирмоқда ёки бутунлай бекор қилмоқда. Шунга қарамай, бу инқироз аллақачон бир қурбонга ҳам эга бўлди.
«Reuters» дунёнинг турли мамлакатларидаги йирик авиакомпаниялар ёқилғи танқислигига қарши қандай чоралар кўраётгани ҳақидаги ёзди. 
 
 
Авиакомпаниялар қандай омон қолмоқда?
— «Air Canada» ёқилғи нархининг ошиши сабаб Ню Йоркка амалга ошириладиган кунлик 38 та рейсдан тўрттасини қисқартиришини маълум қилди. Шунингдек, компания ёқилғи нархларидаги кескин ўзгарувчанлик туфайли йиллик прогнозини тўхтатиб турди.
— «Air China», «China Southern Airlines» ва «China Eastern Airlines» – Хитойнинг учта энг йирик авиакомпанияси – ички рейсларда ёқилғи йиғимларини 500 фоизга оширди: 800 кмдан қисқа йўналишлар учун 60 юан (8,8 доллар), узоқроқ парвозлар учун эса 120 юан (17,6 доллар) этиб белгиланди.
— «Air France-KLM» бу йил ёқилғи харажатлари 2,4 млрд долларга ошишини кутмоқда ва рейслар сони ўсиши бўйича прогнозини аввалги 3–5 фоиз ўрнига 2–4 фоизга туширди. Холдинг аввалроқ узоқ масофали рейслар чипталари нархини ошириш режасини ҳам эълон қилган эди: бориб-келиш парвози 50 еврога қимматлашади. KLM эса 16-апрел куни ёқилғи нархининг ошиши сабаб келаси ойда Европа бўйлаб 160 та рейсни бекор қилишини маълум қилди.
— «Air India» техник бўлмаган ходимларни ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариш ва яқин уч ой ичида парвоз ҳажмини 20 фоиздан ортиққа қисқартириш масаласини муҳокама қилди. Компания, шунингдек, ички рейслардаги қатъий ёқилғи йиғимини парвоз масофасига боғлиқ тизим билан алмаштиришини билдирди.
— «Air New Zealand» 7-апрел куни май ва июн ойларида рейслар сонини қисқартириши ҳамда тарифларни оширишини маълум қилди. Компания ёқилғи инқирози сабаб нархларни оширган дунёдаги биринчи авиакомпаниялардан бири бўлди.
— «American Airlines» – АҚШ авиация бозорининг етакчиларидан бири – 2026-йилда ёқилғи харажатлари 4 млрд доллардан ортиққа ошишини кутмоқда. Компания ички ва қисқа халқаро рейсларда биринчи ва иккинчи рўйхатдан ўтказилган багаж учун тўловни 10 долларга, учинчи багаж учун эса 150 долларга оширди. Шунингдек, эконом-класс йўловчилари учун айрим имтиёзларни қисқартирди.
— «Cathay Pacific» эса аксинча, авиация керосини нархларидаги ўзгарувчанликка «мослашувчан жавоб» сабаб 16-майдан бошлаб аксарият йўловчи рейсларида ёқилғи йиғимларини камайтиришини билдирди.
— «Delta Air Lines» – АҚШнинг бозор капитализацияси бўйича энг қиммат авиакомпанияси – ташиш қувватларини дастлабки режага нисбатан тахминан 3,5 фоиз пунктга қисқартиради ва багаж йиғимларини оширади.
— «EasyJet» Европа лоукостери ярим йиллик 540–560 млн фунт стерлинг (732–759 млн доллар) миқдорида зарар кўришини огоҳлантирди. Бу суммага март ойидаги 25 млн фунтлик қўшимча ёқилғи харажатлари ҳам киради.
IAG, яъни «British Airways» эгаси, авиачипталар нархини ошириш режалари ҳақида огоҳлантирди.
— «Korean Air» апрелдан бошлаб нефть нархларининг ўсиши фонида «фавқулодда бошқарув» режимига ўтишни режалаштиргани ҳақида март ойи охирида «Reuters» манбаси хабар берган эди.
— «Lufthansa» 2026-йилда ёқилғи нархининг ўсиши гуруҳга 1,7 млрд еврога тушишини билдирди. Унинг шўъба компанияси «ITA Airways» эса ёқилғи харажатларини қоплаш учун 2026-йилда чипта нархларини 5–10 фоизга оширади. «Lufthansa», шунингдек, яқин ва ўрта масофали рейслар учун янги «Economy Basic» тарифини тақдим этди – унда фақат ноутбук сумкаси ёки кичик рюкзакни бепул олиб ўтиш мумкин бўлади. Компания аввалроқ 2026-йил октябригача яқин масофали 20 минг рейсни қисқартиришини маълум қилган.
SAS март ойида «бир неча юз» рейсни бекор қилганидан кейин апрел ойида яна 1000 та рейсни бекор қилишини айтган.

— «Spirit Airlines» – АҚШ лоукостери – молиявий инқироз сабаб фаолиятини тўхтатди. Бу инқирозга Эрон билан уруш фонида ёқилғи харажатларининг кескин ўсиши ҳам сабаб бўлган.
— «Southwest Airlines» ҳам рақобатчилари каби биринчи ва иккинчи багаж учун тўловни 10 долларга оширди. Компания раҳбари ёқилғи нархининг сакраши квартал якунларига кўра авиакомпанияга миллиардлаб зарар етказишини айтди.
— «TAP Air Portugal» тарифларни ошириш ёқилғи нархлари ўсишининг даромадга таъсирини қисман қоплашини билдирди.
— «SunExpress» – «Turkish Airlines» ва «Lufthansa» қўшма корхонаси – Туркия ва континентал Европа ўртасидаги рейсларда ҳар бир йўловчи учун вақтинчалик 10 евро миқдорида ёқилғи йиғимини жорий этади.
— АҚШнинг яна бир авиакомпанияси «United Airlines» ёқилғи қиймати ошишини қоплаш учун чипта нархларини 15–20 фоизга оширишга тўғри келиши мумкинлигини билдирди. Компания 2026-йил биринчи чораги охирида тарифларни беш марта оширган, шунингдек, багаж йиғимларини ҳам кўтарган.
— Европа лоукостери «Volotea» янги нарх белгилаш тизимини жорий қилди. Унга кўра, чипта нархи ёқилғи нархларига боғланади ва ҳар бир рейс учун йўловчидан қўшимча 14 еврогача йиғим олиниши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид