Навоий ва Тошкент вилоятларида кучли сел келди: Хатирчида аҳоли эвакуация қилинди

Маҳаллий кузатувчилар Хатирчи туманидаги вазиятни 1998 йилда юз берган даҳшатли сел ҳодисаларига қиёслашмоқда.

Навоий ва Тошкент вилоятларида кучли сел келди: Хатирчида аҳоли эвакуация қилинди © Видеодан кадр

Бугун, 21 май куни Навоий вилоятининг Хатчирчи, Кармана ва Нурота туманларининг тоғли ҳамда тоғ олди ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида талофатли сел-сув оқимлари юзага келди. Маҳаллий кузатувчилар Хатирчи туманидаги вазиятни 1998 йилда юз берган даҳшатли сел ҳодисаларига қиёслашмоқда. Бу ҳақда «Uzb_meteo» канали хабар берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Хатирчи туманида кучли сел оқими туфайли автомобил йўлининг бир қисми харсанг тошлар билан тўсилиб қолган. Оқибатда 7 та автомобил, жумладан, тўртта «Nexia-1», «Cobalt», «Nexia-3» ва «Uaz-469» русумли машиналар ҳамда бир нечта уй-жойлар селдан зарар кўрган.

Ижтимоий тармоқларда ичида одами бўлган автомобил сел оқимида қолиб кетгани акс этган видеолар тарқалди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ангидон, Лангар, Каттасой ва Майдонсой ҳудудларидаги сой яқинида яшовчи фуқаролар вақтинчалик хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Шунингдек, Кармана туманида сел сувлари 7 та хонадоннинг томорқаси ва қўшимча қурилишларига кирган бўлса, Нурота туманида сел сувлари махсус сел йўлларидан оқиб ўтган. Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига яқин ҳудудларида ҳам кучли жала ортидан сув босиш ҳодисалари кузатилгани айтилмоқда.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, Наманганнинг Янгиқўрғон тумани Нанай ҳудудида дўл ёғиши қайд этилган. Айни пайтда Бухоро, Туркманистон ва Афғонистон шимолидан кучли жала улашувчи булутлар оқими кириб келмоқда. Жараёнларни кузатиш учун Тошкент вилояти жануби, Сирдарё, Бухоро ва Термиздаги МРЛ радарлари ишга туширилган. Пойтахтда ҳам куннинг иккинчи ярми ва тунда чақмоқ-момақалдироқли жала ёғиши кутилмоқда.

Вазирлик хабарига кўра, Навоий вилоятидаги вазият оқибатларини бартараф этиш учун 37 та махсус техника ва 173 нафар шахсий таркиб жалб этилган. Дастлабки ўрганишларда аҳоли хонадонлари ва тизимларга жиддий зарар етмагани, тан жароҳати олганлар йўқлиги билдирилди. Ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган ва ФВБ томонидан мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид