
Навоийда экология инспекторига қўл кўтарган браконерлар қўлга олинди
Ноқонуний ов билан шуғулланган шахслар эколог инспекторининг талабига бўйсунмай, унга куч ишлатган ва воқеадан қочиб кетишга уринган.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ов қуроллари билан қуролланган бир гуруҳ браконерлар вилоят экология бошқармаси тезкор гуруҳи ходими И. Хўжаевга куч ишлатди. Бу ҳақда Расул Кушербаев хабар берди.
Маълумотларга кўра, ноқонуний ов билан шуғулланган броконерлар экология инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмагани ҳолда ўзларига ёрдам учун Бухоро вилоятидан «кўча мафияси»дан иборат гуруҳ чақириб, улар ёрдамида қочиб кетишга эришган.
Навоий вилояти ИИБнинг маълум қилишича, Қизилтепа тумани ИИБ томонидан ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилиб, видеодаги фуқароларнинг шахси аниқланган ва ИИБга олиб келинган.
Суриштирув давомида Бухоро вилоятидан келган 5 нафар фуқаро «Тўдакўл» сув ҳавзаси ҳудудига ов қилиш учун кирган ва шу ерда хизмат вазифасини бажараётган экология бошқармаси ходими И.Х.нинг қонуний талабларига бўйсунмай, унга нисбатан куч ишлатган.
Автомашина юкхонаси кўздан кечирилганда 1 та ёввойи қуён, 2 та ёввойи ўрдак, сақлаш учун рухсатномаси мавжуд 4 та ов қуроли топилган.
Ҳозирда Қизилтепа тумани ИИБ томонидан барча зарур экспертизалар тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бувайдада ҳоким ўринбосари экоинспекторга қўл кўтарганлиги ҳақида хабар берилган эди.





