Logo

Нефт нархи урушдан олдинги даражага қайтди

Яқин Шарқдан нефт етказиб бериш ҳажми ортиши кутилаётгани бозорга жиддий босим ўтказди. Оқибатда нархлар сўнгги бир неча ой ичидаги энг паст даражага тушиб кетди.

Нефт нархи урушдан олдинги даражага қайтди © happycoin.club

Жаҳон нефт бозорида нархлар пасайишда давом этмоқда. Гринвич вақти билан 06:39 ҳолатига кўра, август ойида етказиб бериладиган «Brent» нефтининг фючерслари 1,06 долларга (1,44 фоиз) арзонлашиб, бир баррели учун 72,68 долларни ташкил қилди. Американинг WTI маркали нефти эса 76 центга (1,08 фоиз) пасайиб, баррелига 69,58 долларга тушди.

Таҳлилчилар бу ҳолатни Яқин Шарқдан нефт етказиб бериш ҳажмининг ошиши ва бозорда қисқа муддатли таклиф етарли экани билан изоҳламоқда.

Шунингдек, АҚШ санкцияларининг вақтинча юмшатилиши ортидан Эрон нефт экспортини кўпайтириши кутилмоқда.

Ҳўрмуз бўғози орқали оқим тикланди

АҚШ Энергетика вазири Крис Райтнинг маълум қилишича, Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ташиш ҳажми уруш бошланишидан олдинги кўрсаткичларга деярли қайтган.

Унинг айтишича, сўнгги 24 соат ичида бўғоз орқали камида 20 миллион баррел нефт ташилган. Бироқ минтақада тўлиқ барқарорликка эришиш учун сув йўлларини миналардан тозалаш ишлари яна бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

Ўтган ҳафта АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятни юмшатиш бўйича эришилган дастлабки келишув нефт бозорида хавотирларни пасайтирган.

Яқин Шарқдаги хавф сақланиб қолмоқда

Шу билан бирга, Ҳўрмуз бўғозидаги вазият тўлиқ барқарорлашгани йўқ. Ўмон танкерлар ҳаракатини енгиллаштириш учун вақтинчалик денгиз йўналишларини очди.

Бироқ Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ушбу йўналишлар орқали расмий рухсатсиз ҳаракатланувчи кемаларга нисбатан чора кўрилишини билдирди.

Шунингдек, Теҳрон бўғоздан фойдаланиш учун денгиз хизматлари тўловини жорий этиш режасини маълум қилган. АҚШ эса Ҳўрмуз бўғозини халқаро сув йўли деб ҳисоблаб, бундай тўловларга қарши чиқмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Нефт нархи урушдан олдинги даражага қайтди | Vaqt.uz