Logo

Никоҳ шартномаси тузган жуфтликлар учун давлат божи бекор қилиниши режалаштирилмоқда

Бугун 08:553 дақиқа

Ўзбекистонда никоҳ шартномаси тузган жуфтликларни никоҳни қайд этганлик учун давлат божидан озод қилиш таклиф этилмоқда. Ҳукумат вакили Дилноза Каттахонованинг айтишича, бу никоҳ шартномаларини тузишни рағбатлантиришга қаратилган.

Никоҳ шартномаси тузган жуфтликлар учун давлат божи бекор қилиниши режалаштирилмоқда © Oliy Majlis Senati

Ўзбекистонда расмий никоҳни қайд этганлик учун давлат божи ундириш бекор қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова 11-сентабр куни Сенат мажлисида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, оилавий муносабатларни тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда ҳужжат Президент администрациясига киритилган.

Лойиҳада никоҳни қайд этиш жараёнини соддалаштириш ва фуқаролар учун қулайлик яратишга қаратилган бир қатор ўзгаришлар назарда тутилган.

«Никоҳ шартномаси тузилганда, никоҳланувчиларни никоҳ қайд этилгани учун давлат божи тўлашдан озод этиш таклиф қилинмоқда. Бўндан мақсад — никоҳ шартномаси тузишни тарғиб қилишдан иборат», деди бош вазир ўринбосари.

Амалдаги тартибга кўра, никоҳни қайд этганлик учун давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи — 88 минг сўмни ташкил этади.

Никоҳлар сони камаймоқда

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда никоҳлар сони камайиб бормоқда.

2026-йилнинг январ–июн ойларида мамлакатда 92,3 мингта никоҳ қайд этилган. 2025-йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 95,3 мингта, 2024-йилнинг дастлабки ольти ойида эса 97,4 мингта бўлган.

2022-йил январ–июн ойларида эса қарийб 108,9 мингта никоҳ қайд этилган.

Вояга етмаганлар никоҳи бўйича янги чоралар

Сенат мажлисида вояга етмаганлар никоҳи, ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари бўйича ички ишлар органларини хабардор қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Дилноза Каттахонованинг айтишича, бундай ҳолатлар ҳақида ички ишлар органларини хабардор қилишга оид ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, тегишли мансабдор шахс ёки ходим бундай ҳолат ҳақида хабар бермаган тақдирда маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам тайёрланган.

«Яқин кунларда қонун кучга кириши кутилмоқда. Бундай ҳолат ҳақида хабар бериш мажбурияти юкланган мансабдор шахс ёки ходим томонидан ички ишлар органларига хабар берилмагани учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Сенат тавсияси асосида профилактика уч босқичли тизимга ўтказилади. Яъни, маҳаллада хавф гуруҳидаги оила аниқланиб, ота-она билан манзилли ишланади. Туманда мактаб, маҳалла, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари иштирокида идоралараро иш ташкил этилади. Оилага психолог, юрист ва ижтимоий ёрдам ходим ёрдами кўрсатилади. Ҳудудларда эса ҳар бир туман ва маҳалла бўйича эрта никоҳ хавфи индекси жорий қилиниб, ягона мониторинг ташкил этилади», деди қўмита раиси.

Янги ёндашувга кўра, профилактика ишлари уч босқичда олиб борилади. Дастлаб маҳаллаларда хавф гуруҳига кирувчи оилалар аниқланиб, улар билан манзилли иш олиб борилади.

Кейинги босқичда туман даражасида мактаб, маҳалла, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари иштирокида идоралараро иш ташкил этилиши кўзда тутилган. Оилаларга психолог, юрист ва ижтимоий ёрдам ходимлари кўмагини кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Ҳудудий даражада эса ҳар бир туман ва маҳалла кесимида эрта никоҳ хавфи индекси жорий этилиб, ягона мониторинг тизими йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Каттахонованинг таъкидлашича, бу йўналишда ёшлар етакчилари, профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар фаоллари ҳам мактабларда профилактик суҳбатлар ўтказишни бошлайди.

Аввалроқ Vaqt.uz 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 24 815 та никоҳдан ажралиш қайд этилгани ҳақида хабар берган эди. Ажримларнинг 60,1 фоизи шаҳарларда қайд этилган бўлиб, ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 3222 та қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид