Нотўғри овқатланиш ва стресс: ўзбекистонликлар учун энг катта хавф

24.01.2026 | 22:402 дақиқа

Юрак қон-томир касалликлари Ўзбекистонда ўлимнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Мутахассислар фикрича, бу ҳолат турмуш тарзи ва стресс билан боғлиқ.

Нотўғри овқатланиш ва стресс: ўзбекистонликлар учун энг катта хавф

Ўзбекистонда юрак қон-томир касалликлари аҳоли саломатлиги учун энг жиддий таҳдид сифатида сақланиб қолмоқда.

Халқаро таҳлилларга кўра, мамлакат ишемик юрак касаллиги сабабли ўлим кўрсаткичлари бўйича жаҳон рейтингида юқори ўринларни эгаллайди. Мутахассислар бу ҳолатни узоқ йиллар давомида шаклланган турмуш тарзи омиллари билан изоҳлайди.

Расмий ҳисоботларга асосан, 2023 йилда Ўзбекистонда қайд этилган барча ўлим ҳолатларининг қарийб 61 фоизи айнан юрак қон-томир тизими касалликлари ҳиссасига тўғри келган. Солиштириш учун, онкологик касалликлар ўлимнинг 10,8 фоизини, нафас олиш органлари билан боғлиқ касалликлар эса 5,5 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткичлар юрак хасталиклари мамлакатда мутлақ устувор хавф эканини кўрсатади.

Минтақавий тенденция

Эътиборли жиҳати шундаки, бундай вазият фақат Ўзбекистонга хос эмас. Бутун Марказий Осиё минтақасида юрак қон-томир касалликлари бўйича ўлим кўрсаткичлари юқори даражада сақланиб қолмоқда. Халқаро статистикада минтақа давлатлари мазкур касалликлар бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2020 йилги маълумотларига кўра, рейтинглар ҳар 100 минг аҳолига тўғри келадиган ўлим ҳолатларини ёш бўйича стандартлаштириш орқали ҳисобланган. Таҳлилларда ICD-10 тизимидаги И20–И25 гуруҳига кирувчи ишемик юрак касалликлари асос қилиб олинган.

Асосий сабаблар

Мутахассислар юрак хасталикларидан ўлим даражасининг юқорилигини бир қатор омиллар билан боғлайди. Улар орасида нотўғри овқатланиш, ёғли ва оғир таомларга мойиллик, мева-сабзавотлар истеъмолининг камлиги алоҳида таъкидланади. Шунингдек, иқлим шароити, камҳаракат турмуш тарзи ва кундалик стресс даражасининг юқорилиги ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, айрим давлатлар профилактика ва соғлом турмуш тарзи орқали юрак қон-томир касалликларидан ўлимни кескин камайтиришга эришган. Энг паст кўрсаткичлар Испания, Исроил, Япония, Франция ва Жанубий Кореяда қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид