
Nvidia Nokia компаниясига 1 млрд доллар инвестиция киритади
Инвестиция доирасида Nvidia компаниянинг 2,9 фоиз акцияларини сотиб олади ва 5G ҳамда 6G тармоқлари соҳасида ҳамкорликни йўлга қўяди.

Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, Nvidia ва Nokia ўртасида стратегик инвестиция келишуви тузилди. Унга мувофиқ, Nvidia 166 млн дона янги акцияни ҳар бири 6,01 доллар нархда сотиб олиб, Nokia’нинг 2,9 фоиз улушига эга бўлади.
Шу билан бирга, компаниялар ўзаро технологик ҳамкорликни кенгайтиради. Nvidia процессорлари Nokia’нинг 5G ва 6G тармоқлари учун мўлжалланган дастурий таъминотини тезлаштиришда қўлланилади. Шунингдек, икки томон дата-марказлар соҳасидаги тажриба алмашувини йўлга қўйиб, сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшма йўналишларни ўрганади.
Ушбу инвестиция Nokia учун компанияни қайта ташкил этиш жараёнидаги муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда. Фин компанияси сўнгги йилларда дата-марказлар ва ҳисоблаш қувватларига бўлган талаб ортиши фонида ушбу йўналишни фаол ривожлантирмоқда. 2025 йил бошида Nokia АҚШнинг Infinera Corp. компаниясини 2,3 млрд долларга сотиб олиб, бу сегментдаги позицияларини мустаҳкамлаган эди.
Инвестиция ҳақидаги хабар ортидан Nokia акциялари Ҳелсинки биржасида 17 фоизга қимматлади — бу 2013 йилдан буён кузатилмаган энг катта бир кунлик ўсишдир.
Nvidia учун эса бу сармоя Европадаги телекоммуникация ва сунъий интеллект инфратузилмасига оид йирик инвестиция дастурининг давоми бўлди. Компания шу вақтгача OpenAI, автоном транспорт тизимлари ва сунъий интеллект технологияларига ҳам катта маблағлар йўналтирган.





