Одам органлари савдоси билан шуғулланганлар ушланди

18.02.2026 | 13:101 дақиқа

Тошкентда одам органлари олди-сотдиси билан шуғулланган эр-хотин қўлга олинди. Улар ўз мижозларини ижтимоий тармоқлар орқали топган.

Одам органлари савдоси билан шуғулланганлар ушланди

Тошкент шаҳрида инсон аъзолари ва тўқималарининг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 37 ёшли эркак ва унинг турмуш ўртоғи донорлар ва мижозлар ўртасида воситачилик қилиб келган.

Тергов маълумотларига кўра, муқаддам безорилик учун судланган эркак турмуш ўртоғи билан тил бириктирган. Улар «осон пул топиш» мақсадида ижтимоий тармоқларда инсонларда раҳм-шафқат уйғотувчи видеолар тарқатиб, одамларни аъзоларини сотишга ундаган.

Тезкор тадбирлар давомида гумонланувчилар донорларни операция қилиш учун Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги «Истиқлол» клиникасига юборгани аниқланган. Шунингдек, эркакнинг ўзи ҳам буйрак кўчириш операциясини бошдан кечиргани маълум бўлган. Бу жараёнда яна бир нечта шахслар ёрдам бергани қайд этилмоқда.

Ушбу фаолиятни амалга оширишда Telegram, Instagram ва YouTube тармоқларида канал юритувчи шахс ҳам иштирок этган. У донор ва мижозларни топишда воситачилик қилиб, гуруҳ фаолиятини кенгайтиришга кўмаклашган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 133−1-моддаси 2-қисми, яъни инсон аъзолари ёки тўқималарининг олди-сотдиси билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича иш қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Одам органлари савдоси билан шуғулланганлар ушланди | Vaqt.uz