Logo

Одамлар қарзга ботяптими?

Телефонда икки тугмани босиб, бир неча дақиқада пул олиш қулай. Лекин, уни қайтариш ҳам шунчалик осонми? Қарз устига қарз, кун сайин ўсиб бораётган фоиз ва тинч уйқуни олиб қўяётган молиявий босим… Бу пул аслида қанчалик қимматга тушяпти? Чиройли рекламалар орқасида нима яширинган?

Илгари пул зарур бўлиб қолса, хижолат тортиб қўшнининг ёки яқинларнинг эшигини қоқардик. Ҳозир-чи? Ҳозир бунга ҳожат йўқ. Телефонимизни олиб, бир деганда миллионлаб қарз оламиз. На иш жойидан маълумотнома сўрашади, на доимий даромадимиз бор-йўқлиги билан қизиқишади. Қисқаси, ортиқча югур-югурсиз пул тайёр. Лекин...  Тўхтанг!

Кутилмаганда ишдан бўшасангиз ёки даромадсиз қолсангиз, ҳар куни фоизи ўсиб бораётган бу молиявий ботқоқдан чиқа оласизми? Ёки «Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним» деганларидек, боши берк кўчага кириб қоласизми? Бугун айнан шу — кўпчилик айтишга қўрқадиган, лекин минглаб одамларни тунлари ухлатмаётган «микроқарз тузоғи» ҳақида очиқча гаплашамиз.

Микроқарз нима?

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, микроқарзнинг максимал миқдори 100 миллион сўмгача қилиб белгиланган. Ушбу молиявий маҳсулотнинг энг асосий устунлиги — унинг жуда тез ва осон расмийлаштирилиши.

Одатда, у мобил иловалар орқали атиги 1–5 дақиқа ичида, гаров ва кафилларсиз, фақат паспорт ёки ID-карта ҳамда банк скоринг базаси маълумотлари асосида ажратилади.

Шунингдек, микроқарз мақсадсиз пул маблағи ҳисобланади. Яъни олинган пулни хоҳлаган эҳтиёжингизга — zхоҳ маиший техника сотиб олишга, хоҳ ойликкача етмай қолган кундалик харажатларни ёпишга бемалол сарфлашингиз мумкин.

Илгари харажатларингизга ойликкача етмай қолган пулни дўстингиздан олган бўлсангиз, энди банкдан оласиз. Энг муҳим жиҳати эса бунинг учун «қуруқ раҳмат»нинг ўзи етарли эмас. Агар 30 кунлик фоизсиз муддатдан ўтиб кетсангиз, яхшигина фоиз тўлашингизга тўғри келади.

Сизга берилаётган фоизсиз муддат эса янги мижозларни жалб қилиш учун маркетинг қуроли, аслида. Қарзни ўз вақтида қайтарсангиз, ишингиз беш, ҳақиқатан ҳам ортиқча тўловсиз, яъни олган суммангизнинг ўзини қайтарасиз.

Агар белгиланган муддатдан атиги 1 кун ўтиб кетсангиз ҳам банк сизга икки тарафлама «ҳужум» бошлайди: тизим ўтиб кетган ўша 30 кунингизга ҳам кунлик фоизни автоматик ҳисоблаб юборади.

Тасаввур қилинг: 10 миллион сўм олиб, 30 кунда ёполмадингизми? Атиги 10 кун кечиксангиз ҳам, устига 1 миллион сўмдан ортиқ фоиз қўшиб тўлашингизга тўғри келади.

Мутахассислар фикри

Бугунги кунда доимий даромадга эга бўлмаган фуқаролар ҳам телефон орқали бир неча дақиқада 30 кунгача фоизсиз микроқарз расмийлаштирмоқда. Бироқ, қарзни ўз вақтида қайтара олмай кечиккани сабабли, кейинчалик нафақат ўша 30 кун учун жарима, балки 40–50 фоизгача қўшимча тўлов қилишига тўғри келаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Яна бир жиҳат: айрим фуқаролар аввалги микроқарзини ёпиш учун бошқа банкдан яна қарз олиб, қарзни қарзга урмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистонда кредит карталари ва микроқарзлардан фойдаланишнинг кундалик одатий ҳолга айланиши нормал жараёнми? Бу ҳолатнинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бугунги кунда етарли маълумотга эга бўлмай туриб микроқарз олишнинг жамиятга ва инсон ҳаётига келтирадиган зарари алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг зиёни билан тенг, ҳатто ундан ҳам ошиб тушади.

Бакиров Адлия вазирлиги ва Марказий банкка истеъмолчиларни қарз ботқоғига чўкишини тийиб туриш билан боғлиқ қўшимча талабларни жорий этиш вазифаси қўйилгани, ушбу талаблар 2026-йил сентябргача жорий этилиши белгиланганини таькидлаб, шундай дейди:

«Микроқарзлар рекламаси бўйича оқибат ва зарарлар тўғрисида огоҳлантириш киритишга уриниш биринчи марта эмас. Лекин амалга киритишга келганда микроқарз лоббиси қудратлилик қилиб келмоқда.

Огоҳлантиришлар қуруқ ва зерикарли шаблонлардан иборат бўлмаслиги зарур, микроқарз билан (насияга олинган буюм билан ҳам) ҳеч ким бойимаслиги, қайтанга камбағаллик сиртмоғига чиқмас бўлиб тушиши, истеъмолга муккасидан кетиш муваффақиятли қилмаслиги, тадбиркорга айлантирмаслиги ҳақида лўнда чақириқлар керак», - дейди у.

Молиячи ва иқтисодчи Жалолиддин Ибодов эса микроқарзлардан фойдаланиш молиявий саводхон аҳоли учун қулайлик бўлиши мумкин, аммо кундалик харажатларига ҳам қийналаётганлар учун ҳаётни янада оғирлаштирадиган тузоққа айланмоқда, дейди. У банк ва микромолия ташкилотларининг реклама сиёсатини танқид қилиб, шунақа фикр билдирди:

«Рекламаларда фақат кешбэклар ва 30–60 кунлик фоизсиз муддатлар кўрсатилади, аммо муддат ўтса кутиладиган оқибатлар ҳақида ҳеч ким огоҳлантирмайди. Бу худди инсонни катта ботқоқликнинг соҳилига олиб келиб қўйиб: «Агар тўғри фойдалансанг, шу ерда турасан, бўлмаса ботқоққа қулайсан» деб огоҳлантирмасликка ўхшайди.

Энг ёмони — аввалги қарзни ёпиш учун янги микроқарз олишдир. Банкнинг скоринг тизими бундай мижознинг хатарини юқори деб баҳолаб, фоиз ставкасини (масалан, 20 фоиз ўрнига 30–36 фоиз қилиб) ошириб юборади. Оқибатда мижоз аввалги қарзини янада қимматроқ қарзга алмаштиради ва 5–6 ойдан франшиза сингари 10 миллионлик мажбурияти 15 миллионга айланади», — дейди мутахассис.

Микроқарз ва янги трендлар

Ҳозирда микроқарзлар аҳоли ҳаётига шунчалик чуқур кириб бордики, у ижтимоий тармоқларнинг энг кўп муҳокама қилинадиган ва кулгига олинадиган мавзуга айланди.

Ҳатто ижтимоий тармоқларда янги трендлар пайдо бўлди: фойдаланувчилар видео жойлаб, «Агар ушбу видео остида Anorbank, Uzum Bank ёки TBC Bank’нинг расмий саҳифаси изоҳ ёзиб қолдирсагина, бориб қарзимни тўлайман», дея шарт қўйиб, ҳазиллашмоқда.

Жамиятда молиявий мажбурият: қарзлар, кредитлар шунчалик енгил нарсага айландики, уни қайтариш жиддий вазифа эмас, балки тармоқдаги изоҳлар сони ва банкнинг реакциясига боғлиқ бўлган «ўйинчоқ»дек кўринмоқда.

Банкларнинг SMM вакиллари ҳам бундай трендларни ўтказиб юбормай, ушбу видеолар остига изоҳ ёзиб кетмоқда. Натижада банклар ўзини мижозга «дўстона ва ҳазилсевар» қилиб кўрсатади, аммо бу дўстона қиёфа ортида ўша-ўша қатъий фоизлар ва муддатлар туради. Реал банк иловасида қарздорлик ва кунлик фоизлар ҳисобланиши давом этаверади.

Ўз-ўзига тақиқ қўйиш механизми

Барча банк ва микрофинанс ташкилотларининг эшигини сиз учун автоматик ёпадиган «Кредит тақиқи» механизми ҳақида билишингиз керак бўлган энг муҳим қоидалар билан танишинг.

Ушбу амалиёт атиги бир неча дақиқада фаоллаштирилади. Кредит бюросининг расмий сайти — portal.infokredit.uz манзилига кириб, ўзингизнинг OneID аккаунтингиз орқали тизимга авторизациядан ўтасиз. Шахсий кабинетга киргач, «Кредит тақиқи» бўлимидан тегишли тугмани фаоллаштириш кифоя.

Шу дақиқадан эътиборан, исмингиз кредит бюросининг махсус тақиқлар реестрига киритилади. Бу дегани — на фирибгарлар ва на сизнинг ўзингиз бирорта банк ёки микрокредит ташкилотидан онлайн пул ололасиз. Чунқи молия муассасалари аризангизни кўриши биланоқ, тизим уни автоматик равишда рад этади.

Бу тақиқ бир умрлик эмас, уни исталган пайтда бекор қилиш мумкин. Жараён фаоллаштириш босқичи билан бир хил, фақатгина «Кредит тақиқи» бўлимидан «Ўчириш» тугмасини босиш кифоя.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 66

Барчаси

Мавзуга оид