
Олий таълим вазирига биринчи ўринбосар тайинланди
10.09.2025 | 11:2041703
Сардор Ражабов кеча ишдан олинган Шоҳрух Далиевнинг ўрнига олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Ўзбекистонда олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбариятида янги тайинлов амалга оширилди. Вазирлик маълумотларига кўра, Сардор Ражабов вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тасдиқланди. У бундан аввал мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Сардор Ражабов 1988 йил 9 июн куни Тошкент шаҳрида туғилган. У 2008 йилда Вестминстер халқаро университетининг «Бизнес бошқаруви» йўналишида бакалавр даражасини олган. Кейинчалик, 2018 йилда шу университетда «Халқаро савдо ҳуқуқи» йўналиши бўйича магистрлик дипломига эга бўлган.
У ўз меҳнат фаолиятини хусусий секторда бошлаб, «Уздунробита» МЧЖ ҳамда бир нечта консалтинг ва маркетинг компанияларида турли вазифаларни бажарган. Шунингдек, Ражабов Тошкент шаҳар ҳокимияти тизимида ҳам ишлаб, давлат бошқаруви соҳасида тажриба тўплаган.
2012–2023 йилларда у Давлат тест марказида бошқарма бошлиғи ва директор ўринбосари сифатида ишлади. Кейин эса 2023–2024 йилларда мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитациялаш департаменти» директори сифатида фаолият юритди.
Ушбу тажрибалар Сардор Ражабовни таълим соҳасидаги муҳим ислоҳотларни амалга ошириш ва тизимда сифат назоратини кучайтиришда етакчи кадр сифатида шакллантирди. Энди у олий таълим тизимида инновациялар ва фанни ривожлантириш йўналишларига масъул бўлади.





