
Олтин даврнинг олтин ёшлари: BUSINESS TIMEʼда Sardor Bazalt
Бироз танаффусдан сўнг Business Time кўрсатувини яна бошладик. Бу сафар базалт толалардан изоляция материаллари, арматуралар ва геотекстил ишлаб чиқаришга ихтисослашган SA Group компаниялари гуруҳи раҳбари Сардор Турсунов билан суҳбатлашдик.
31 ёшли, 5 фарзанднинг отаси, Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитида Sardor Bazalt номи билан танилишга улгурган ёш тадбиркор Сардор Турсунов айни пайтда SA Group компаниялар гуруҳини бошқармоқда.
У бошқараётган компаниялар гуруҳига қуйидаги компаниялар киради:
• Thermo Plus — базалт иссиқлик изоляцияси (базалт тола) ишлаб чиқарувчи завод;
• Geotex — геотекстил ва геосинтетик материаллар;
• Rebar — базалт/шиша пластик арматура ва тўрлар;
• Thermo Systems — базалт изоляцияси асосида комплекс иситиш ечимлари.
Айни пайтда Thermo Plus компанияси заводи Хоразм вилоятида базалт толаларда изоляция материаллари ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотлар ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам сотилмоқда. Компания миллионлаб долларларда ўлчанадиган айланмага эга.
Сардорбек Турсуновнинг айтишича, завод 110 фоизлик қувват билан ишламоқда. Тез орада янги тош эритувчи қурилма ишга туширилади ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми 3 баробарга ошади.
Компаниялар гуруҳи 350 кишилик улкан жамоани бошқармоқда. Янада кўпроқ иш ўринларини яратиш кўзда тутилган. У президент Шавкат Мирзиёев билан икки марта учрашишга муваффақ бўлган. Ишлаб чиқариш борасида энг катта маслаҳат ва йўриқларни айнан Президентдан олганини таъкидлайди.
Умуман, дастурда Сардор Турсунов соҳага қандай кириб келгани, оиласи, дўстлари, илк инвестициясини кимлар киритгани, россиялик ҳамкори Адҳамжон Ҳамидов ҳақида, шунингдек, корхонанинг келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб берган.
Дарвоқе, компания номидаги SA аббревиатураси ҳам Сардор ва Адҳамжон исмларининг бош ҳарфларидан олинган. Адҳамжон Ҳамидов қирғизистонда туғилган. Миллати ўзбек. 2000 йилдан буён Москвада истиқомат қилади.
«Ўзбекистон — иккинчи уйим бўлиб қолди. Ҳар ойнинг икки ҳафтасини шу ерда ўтказаман, қолган ярмини оилам даврасида. Сардорбек эса аллақачон шерик эмас, ўз туғишган укамдек бўлиб қолган», дейди у.
Бундан ташқари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар қурилиш мустаҳкамлиги ва энергия самардорлигида қандай аҳамиятга эга эканлиги ҳақида ҳам батафсил тушунтириб берди.
Ўз бизнесини очмоқчи бўлиб юрган ёш тадбиркорларга учта энг жўяли маслаҳатини ҳам берган.
Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди.
Теглар






