add

Олтиннинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни — таҳлил

Бугун 18:302834 дақиқа

Олтин Ўзбекистон экспортининг доимий равишда камида 30-40 фоизини ташкил қилиб келади. Унинг нархи ўзгариши мамлакат бюджетига, инфляция ва миллий валютага ҳам таъсир қилмай қолмайди. Олтиннинг иқтисодиётимиз учун қанчалик муҳимлиги ҳақида Vaqt.uz таҳлилида ўқинг.

Олтиннинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни — таҳлил

2026 йилги давлат бюджетининг 20 фоиздан ошиғини Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) тўлдириши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2025 йил 17,7 фоиз, 2024 йил 12,4 фоиз бўлиши прогноз қилинганди. 

Жорий йилда олтин нархи сезиларли ошиб, бир неча бор тарихий рекордларни янгилади. Йил бошида қимматбаҳо металлнинг глобал нархи унцияда 2 650 доллар атрофида эди. Кейинчалик нарх қарийб 4 400 долларгача чиқди, айни пайтда 4 200 доллар атрофида бўлиб турибди. 

Олтин қимматлаши фонида, НКМКнинг 2025 йил биринчи ярмидаги соф фойдаси 72 фоизга ўсиб, 1,5 млрд долларни ташкил қилди

Қимматбаҳо металл мамлакат аҳолиси орасида ҳам анчагина оммалашди. 19 сентябрь ҳолатига кўра, 2025 йилда ўзбекистонликлар 380 кг олтин қуйма сотиб олган. Бу эса бутун бошли 2024 йилга нисбатан 61 фоизга кўпроқ. 

oltin 001

2020 йилдан бери ўлчовли қуймалар савдоси 8,8 баробарга, уларни сотиб олган харидорлар сони эса 7,2 баробарга ошди. 

Олтин қуймаларига талаб бу даражада кўпайишига, албатта юқори нархлар сабаб бўлди. Масалан, йил бошида 100 гр кўринишидаги олтин қуйма 116 млн сўм нарх билан сотувга чиқарилганди. Шу бугуннинг ўзида, 5 декабрь куни бу қуйманинг нархи 166 млн сўмга яқин бўлиб турибди. 

Марказий банк яқинда 2026-2028 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсатини тақдим қилди. Регулятор унда олтин нархи ўзгариши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши бўйича кутилмалар билан бўлишди. 

Асосий прогнозларга кўра, олтин нархи 2026 йил сўнггига келиб унцияда 4 000 доллар атрофида бўлади. Шундан сўнг нарх пасайиши кутилмоқда. 2028 йилга келиб олтин 3 400 долларгача арзонлаши мумкин. 

Бироқ, кутилмалар доим ҳам ўзини оқлайвермайди. Масалан, йил бошида Goldman Sachs олтин нархи 2025 йилда эмас, 2026 йилда 3 000 долларлик маррани кесиб ўтади дея прогноз қилганди. Амалда эса олтин 3 ойга қолмасдан 3 000 доллардан ошиб, кейинчалик қарийб 4 400 долларгача қимматлади. 

Шу сабабли Марказий банк асосий сценарийдан ташқари олтин нархларининг кескин кўтарилиши ва пасайиши иқтисодиётга қандай таъсир қилишини кўриб чиқди.

Олтин нархининг кескин ошиши 

2025 йилда геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар, савдо келишмовчиликлари, АҚШ долларининг заифлашуви фонида хавфсиз актив сифатида олтинга талаб юқори шаклланди. 

Шунингдек, марказий банклар ҳам ўз захираларида олтиннинг улушини сезиларли ошириб, ўз активларини диверсификация қилмоқда. Келгуси йилларда ҳам жорий ноаниқликлар янада кучайиб, олтинга талаб юқори даражада қолиши бўйича эҳтимоллар мавжуд. 

Мазкур омиллар фонида олтин нархининг ўсиш суръатлари асосий сценарийга нисбатан юқори шаклланиб, 5 000-5 500 долларгача етиши мумкин.

oltin 002

Ушбу шок юз берганда, бюджетнинг олтин ишлаб чиқаришдан оладиган даромадлари ортиб, ялпи талаб кенгайишига хизмат қилади. Бу эса, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш билан бирга, инфляцион босимларни кучайтиради. 

Шунга қарамай, олтин экспорти ҳисобидан ички валюта бозорида таклиф кўпайиши сўм мустаҳкамланишига туртки бериб, импорт инфляциясини пасайтиради. Бу эса инфляция асосий сценарийга нисбатан 0,1-0,2 фоизга пасайишига ва иқтисодиёт 0,3-0,5 фоизга юқорилашига олиб келади.

Марказий банк мазкур шок юз берганда пул-кредит шароитларини асосий сценарийга мос амалга оширади. Бу 5 фоизлик инфляция таргетига тезроқ етиб келиш имконини беради. 

Олтин нархининг кескин пасайиши 

Сўнгги йилларда олтин нархларида ўзгарувчанлик кузатилиб, умуман олганда юқори ўсувчи тенденция намоён бўлмоқда. 

Шу билан бирга, олтин нархига қисқа муддатли ва барқарор бўлмаган омиллар таъсир кўрсатмоқда. Бунга сиёсий баёнотларга тезкор жавоб ҳаракатлари, кутилмаган янгиликлар ҳамда бошқа активлардаги қисқа муддатли тебранишлар мисол бўлади. 

Келгусида геосиёсий зиддиятларнинг барҳам топиши, ривожланаётган давлатларда инвестицион муҳитнинг сезиларли яхшиланиши фонида олтин нархининг асосий сценарийга нисбатан кескин пасайиши эҳтимоли бор. Бунда нарх унсияда 2 500-2 700 долларгача тушиши мумкин.

oltin 003

Бу эса бюджет даромадларини сезиларли камайтириб, буджет тақчиллигини оширади. Тақчилликни қоплаш учун мамлакат харажатларни камайтириши ёки кўпроқ қарз олишига тўғри келади. 

Арзон нарх олтин экспортидан тушумлар қисқаришига ҳам сабаб бўлади. Натижада ички валюта бозорида таклиф камайиб, сўмга босим кучаяди. 

Бу, ўз навбатида, импорт инфляцияси ошишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу шок таъсирида инфляция асосий сценарийга нисбатан 0,5-0,6 фоизга ошиши ва иқтисодиёт 0,25-0,35 фоизга пасайиши эҳтимоли бор. 

Марказий банк мазкур шок юз берганда пул-кредит шароитларини асосий сценарийга нисбатан кечроқ юмшатиш фазасига ўтиши лозим бўлади.

Бунда регулятор томонидан асосий ставкани (айни пайтда 14 фоиз) пасайтириш кечиктирилиши, ҳатто оширилиши ҳам мумкин. 

Кўриб турганингиздек, олтин нархи Ўзбекистон иқтисодиёти учун анча муҳим аҳамиятга эга. Мамлакат экспортининг тенг ярми олтин ҳисобига шаклланган пайтлар ҳам бўлган. 

Ҳукумат энг йирик солиқ тўловчи компания НКМКнинг IPO’сини 2026 йил бошига режа қилаётган эди. Бироқ, расмийлар IPO ортидан давлат буджетига келиб тушаётган катта миқдордаги даромадлар камайишидан ҳавотирда ва жараённи яна бироз сурмоқчи

Шунга қарамай, 2025 йилда бир неча бор рекорд даражага чиққан олтин нархлари мамлакат учун фойдали бўлди. Қиммат олтин ҳукумат учун анча йиллардан бери биринчи марта буджет тақчиллигини йил бошида кутилганидек 3 фоиз билан ёпишга ёрдам бермоқда.

Фозил Қамбаров тайёрлади

Мавзуга оид