Logo

«Samarkand-2028» сунъий йўлдоши эртага фазога учирилади

Bugun 08:301 daqiqa

Ўзбекистон номи берилган гиперспектрал сунъий йўлдоши 5 август куни Хитойдан орбитага учирилади.

«Samarkand-2028» сунъий йўлдоши эртага фазога учирилади © ijtimoiy tarmoqlar

Эртага, 5 август куни Хитойнинг Шаньдун вилояти соҳиллари яқинидаги денгиз старт платформасидан «STAR.VISION» компанияси томонидан «Samarkand-2028» ва «Lampung-1» гиперспектрал сунъий йўлдошлари орбитага учирилади.

«Samarkand-2028» миссияси «Ўзбеккосмос» агентлиги ва «STAR.VISION» компанияси ўртасида имзоланган стратегик меморандум доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистоннинг космик технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги халқаро ҳамкорлигининг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Сунъий йўлдошга «Samarkand-2028» номи 2028 йилги Халқаро астронавтика конгрессини Самарқанд шаҳрида ўтказиш ҳақида қабул қилинган қарор шарафига берилган.

Сунъий интеллект билан ишлайди

Лойиҳа доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги мутахассислари сунъий йўлдош борти учун махсус сунъий интеллект модулини ишлаб чиққан.

Мазкур модул гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини беради. Бу эса Ер юзасини масофадан зондлаш самарадорлигини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

Олинадиган маълумотлардан қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш ва бошқа соҳаларда фойдаланиш режалаштирилган.

Стартга тайёргарлик якунланмоқда

Маълум қилинишича, ракета аллақачон старт кемаси бортига жойлаштирилган ва учириш ҳудуди томон йўл олган.
Ҳозирда барча тайёргарлик ишлари белгиланган режа асосида давом этмоқда. Учириш 5 август куни амалга оширилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid

«Samarkand-2028» сунъий йўлдоши эртага фазога учирилади | Vaqt.uz