Logo

Пенсия стажини 15 йилга, ижтимоий бадални 4,5 бараварга ошириш таклифи Олмазордаги ўпирилиш бўйича очилган жиноят иши ва Ўзбекистоннинг фаровонлик рейтингидаги ўрни — 3 август дайжести

Bugun 22:433 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Пенсия стажини 15 йилга, ижтимоий бадални 4,5 бараварга ошириш таклифи Олмазордаги ўпирилиш бўйича очилган жиноят иши ва Ўзбекистоннинг фаровонлик рейтингидаги ўрни — 3 август дайжести

Ўзбекистондаги хусусий боғчаларда нархлар қандай?

Ўзбекистонда 38 мингдан ортиқ боғча фаолият юритади, шундан 28,7 мингтаси хусусий. Давлат боғчалари ҳамёнбоплиги билан ажралиб турса, хусусий муассасалар инглиз тили, робототехника, спорт ва бошқа қўшимча дастурлари билан ота-оналарни жалб қилмоқда. Vaqt.uz таҳлилига кўра, Тошкентдаги хусусий боғчаларда ойлик тўловлар 3,5 миллион сўмдан 14,9 миллион сўмгача етади.

Энг қиммат боғча — Invento бўлиб, ойлик тўлови 14,9 млн сўм, қўшимча равишда 6 млн сўмлик кириш бадали ҳам талаб қилинади. CIS International School ва Oxbridge International School каби халқаро боғчаларда таълим асосан инглиз тилида олиб борилади. Мутахассислар эса мактабгача таълимнинг асосий вазифаси эрта ёшда мураккаб фанларни ўқитиш эмас, балки боланинг ижтимоий, эмоционал ва ақлий ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратиш эканини таъкидламоқда. Батафсил Vaqt.uz'нинг мазкур  таҳлилида танишинингиз мумкин.

Ўзбекистон фаровонлик бўйича жаҳон рейтингида 94-ўринни эгаллади

Legatum Prosperity Index 2026 рейтингига кўра, Ўзбекистон 161 давлат орасида 94-ўринни эгаллади. Марказий Осиёда Қозоғистон (66) ва Қирғизистондан (87) кейинги ўринда қайд этилди. Мамлакатнинг энг яхши кўрсаткичи маҳаллий жамоалардаги ижтимоий алоқалар бўйича (19-ўрин), таълим соҳасида эса 37-ўрин бўлди.

Энг паст натижа иқтисодий эркинлик (136-ўрин) ва фикрни эркин билдириш имконияти (131-ўрин) бўйича қайд этилди. Давлат бошқаруви самарадорлигида Ўзбекистон 77-ўринни, фуқаровий тинчлик ва хавфсизлик бўйича эса 105-ўринни эгаллади.

Олмазордаги ҳодиса бўйича жиноят иши очилди

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Орзу массивида қурилиш котловани ўпирилиши ортидан жиноят иши қўзғатилди. Бош прокуратура маълумотига кўра, қурилишга масъул МЧЖ мансабдорларининг ҳаракатларида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш ҳамда ваколатни суиистеъмол қилиш аломатлари аниқланган. Ҳодиса оқибатида бир киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Эслатиб ўтамиз, воқеа 2 август куни содир бўлган. Унда асфалтнинг бир қисми ўпирилиб, катта бўшлиқ ҳосил бўлган, электр кабели шикастланиши оқибатида ёнғин чиққан ва ҳудуд бир муддат электр таъминотисиз қолган эди. Ҳозирда иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Пенсия учун минимал суғурта стажини 15 йилгача ошириш таклиф қилинди

Фискал таҳлиллар институти пенсия тизимини молиявий барқарорлаштириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Уларга кўра, пенсия олиш учун минимал суғурта стажини босқичма-босқич 7 йилдан 15 йилгача ошириш ёки пенсия миқдорини сўнгги 20 йиллик расмий даромад асосида ҳисоблаш тизимига ўтиш таклиф қилинмоқда.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, бу ўзгаришлар расмий бандликни кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, суғурта бадаллари тўланмайдиган даврлар учун пенсия харажатларини Пенсия жамғармаси эмас, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилди.

Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий бадални 4,5 бараварга ошириш таклиф қилинди

Фискал таҳлиллар институти ўзини ўзи банд қилганлар учун ихтиёрий ижтимоий бадални қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Унга кўра, тўловлар БҲМ эмас, МҲТЭК асосида ҳисобланиб, ойига 163,2 минг сўм, йилига эса қарийб 2 млн сўмни ташкил этиши мумкин. Бу амалдаги 440 минг сўмлик йиллик бадалдан қарийб 4,5 баравар кўп.

Таклифга кўра, янги тартиб босқичма-босқич жорий этилади: дастлаб ойлик тўлов 50 минг сўм атрофида белгиланиб, кейинчалик 163,2 минг сўмгача оширилади. Ҳозирча бу ташаббус муҳокама босқичида бўлиб, якуний қарор қабул қилинмаган.

Teglar

Mavzuga oid