Logo

«Newport» қурилиши доирасида уйидан мажбуран кўчирилган фуқаролар иши бўйича расмий изоҳ берилди

Kecha 20:002 daqiqa

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида яшовчи фуқаролар «Newport» қурилиши доирасида ўз уйларидан мажбуран чиқариб юборилгани ва бу бўйича Президент Администрацияси раҳбарига видеомурожаат йўллагани ортидан шаҳар прокуратураси текширув бошлади.

«Newport» қурилиши доирасида уйидан мажбуран кўчирилган фуқаролар иши бўйича расмий изоҳ берилди © Foto: t.me/toshkentprokuraturasi

Ижтимоий тармоқларда Яккасарой туманида яшовчи Р.П. ва бошқа фуқароларнинг Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага йўллаган видеомурожаати тарқалди.

Унда муаллиф «MEGA LOGISTICS SERVICE» МЧЖ (видеода «Newport» ва «Omega Logistic» қурилиш компанияси сифатида ҳам тилга олинган) томонидан амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаси доирасида ўзларига тегишли ҳовли бузилганини ва бу жараёнда қонуний ҳуқуқлари поймол этилганини таъкидлаган.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, низоли вазият юзасидан туман ва шаҳар судларига, шунингдек, барча инстанциядаги (туман, шаҳар, республика ва Бош прокуратура) прокуратура органларига қилинган мурожаатлар бесамар кетган ва улар кутган ҳуқуқий ҳимоя таъминланмаган.

Р.П. қурилиш ишлари бошланиши арафасида хонадонга ички ишлар органлари ҳамда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари кирганини айтмоқда. Шундан сўнг, уй эгалари босим остида, ўз иродасига қарши ўлароқ товон пулини олишга ва тегишли ҳужжатларни имзолашга мажбур қилинган.

Расмий изоҳ

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси расмий изоҳ берди. Хабарга кўра, Тошкент шаҳрида фуқаро Р.П. ва бошқалар ўзларига тегишли бўлган уйдан мажбурий равишда чиқариб юборилгани ҳолати бўйича текширув бошланган.

Таъкидланишича, ушбу вазият Тошкент шаҳар прокуратураси ва ҳокимлиги томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Ўрганиш ишлари мурожаат муаллифлари ва «MEGA LOGISTICS SERVICE» МЧЖ вакиллари иштирокида олиб борилган ҳамда тегишли шахслардан аризалар қабул қилиб олинган.

«Мурожаат Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинди, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади прокуратуранинг расмий хабарида.

«Ғўдайган, ўзидан кетганлар бу ишни қилади» — Саида Мирзиёева

Эслатиб ўтамиз, 30 июл куни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳри Миробод туманидаги «Лолазор» маҳалласига ташриф буюриб, қурилишлар туфайли умумий ҳовлилар, болалар ва спорт майдончалари йўқ қилиниши танқид қилган эди.

Унинг таъкидлашича, Бош прокуратурага Тошкент шаҳри бўйича шундай объектларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, қурилиш учун берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги, шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда аҳоли ҳуқуқларига риоя этилганини текшириш топширилган.

«Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, масъул шахсларга нисбатан муросасиз жазо чоралари кўрилади, айбдорлар, керак бўлса, ҳатто озодликдан маҳрум этилади», — деган эди Саида Мирзиёева.

Шунингдек, у бундай қурилишлар ортида кимнингдир қўллови бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, «Оддий одамлар бундай ишлар билан шуғуллана олмайди. Демак, уларнинг ортида қандайдир куч бор. Аммо ғўдайган, ўзидан кетганлар жазосиз қолмайди», деган эди.

Teglar

Mavzuga oid