Logo

Ошадиган йўлкира, талабалар маошининг ярмини тўлайдиган давлат ва фермерлар учун 5 миллионлик мукофот — 28 сентябр дайжести

Кеча 22:264 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ошадиган йўлкира, талабалар маошининг ярмини тўлайдиган давлат ва фермерлар учун 5 миллионлик мукофот — 28 сентябр дайжести

Талабалар маошининг 50 фоизини давлат қоплаб бериши мумкин

Ўзбекистонда олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ривожлантиришнинг янги иқтисодий механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳага кўра, талабаларни амалиётга қабул қилиб, уларга маош тўлаган корхоналар харажатининг 50 фоизи давлат томонидан субсидия сифатида қоплаб берилади. Шунингдек, бизнес вакилларига божхона ва амортизация бўйича имтиёзлар тақдим этилиши, 25 нафардан ортиқ талабани амалиётга олган корхоналарга эса давлат харидларида преференциялар берилиши таклиф қилинмоқда.

Германия тажрибаси асосида жорий этилаётган мазкур тизимни амалиётга татбиқ қилиш учун ҳудуд ҳокимларига бириктирилган ректорлар томонидан аниқ стратегия ишлаб чиқилади. Асосий мақсад — 3 ва 4-босқич талабаларининг камида 80 фоизини, яъни 185 минг нафар ёшни дуал таълим билан қамраб олишдан иборат бўлиб, барча жараёнлар инсон омилини камайтириш мақсадида фақат рақамли платформа орқали амалга оширилади.

«Устоз» агрокластер ёки фермер хўжаликларига ҳар бир «шогирд» учун 5 млн сўмдан мукофот пули берилади

Ҳукуматнинг 24 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда янги агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш бўйича «устоз-шогирд» тизими жорий этилмоқда. Унга кўра, пахтадан гектарига 50–60 центнердан юқори ҳосил олувчи илғор агрокластер ва фермер хўжаликларига ҳосилдорлиги 30 центнердан паст бўлган 20 тагача хўжалик «шогирд» сифатида бириктирилади. Йил якунида «шогирд» гектарига 50 центнердан юқори ҳосил етиштирса, «устоз»га ҳар бир муваффақиятли «шогирд» учун 5 миллион сўмдан мукофот тўланади. Бу жараёнлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» платформаси орқали назорат қилиб борилади.

Шунингдек, мазкур қарор доирасида аграр соҳадаги олийгоҳларнинг 2 ва 3-босқич талабалари учун «янги агроном» тайёрлаш тизими ҳам йўлга қўйилади. Танлов асосида саралаб олинган талабалар махсус ўқиш амалиётини ўтайди ҳамда жараённи аъло баҳолар билан тамомлаган ёш мутахассислар илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида хорижий давлатларга юборилади.

Тошкентда октябрдан жамоат транспортида йўлкира нархлари оширилади

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарорига кўра, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб пойтахт жамоат транспортида электрон тўловлар (карта ва онлайн) орқали йўл ҳақи 1700 сўмдан 2500 сўмга оширилади, нақд тўлов эса 3000 сўм миқдорида ўзгаришсиз қолади. Шу билан бирга, ATTO карталари учун 60 дақиқалик тарифлар сақланиб қолади: бир соат ичида иккинчи автобусга ўтиш 1500 сўм, учинчи ва тўртинчи қатновлар эса бепул бўлади (метродан иккинчи марта фойдаланилганда 60 дақиқалик ҳисоб янгитдан бошланади).

Шунингдек, транспорт карталарининг автобус учун 1 кунлик тарифи 11 500 сўм, 30 кунлик тарифи 250 минг сўм, метро учун эса мос равишда 13 500 сўм ва 345 минг сўм этиб белгиланди. Талабалар, ўқувчилар, нафақахўрлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун 50 фоизлик чегирма ҳамда йўловчи багажини ташиш учун 4 000 сўмлик тариф тасдиқланди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб йўловчилар автобусга чиқиши билан тўловни амалга ошириши шарт, тўлов қилинмаган ҳолатда улар чиптасиз ҳаракатланаётган ҳисобланиб, жаримага тортилиши мумкин.

Марказий банк 2030 йилгача Fintech технологияларини ривожлантириш миллий стратегиясини тасдиқлади

Ўзбекистон Марказий банки 2026–2030 йилларга мўлжалланган Fintech технологияларини ривожлантириш миллий стратегиясини тасдиқлади. Унинг асосий мақсади 2030 йилга бориб мамлакатни Марказий Осиёдаги энг жозибадор финтех юрисдикцияси ва минтақавий марказга айлантиришдан иборат. Стратегия уч босқичда амалга оширилади: 2026–2027 йилларда базавий инфратузилмани шакллантириш, 2028–2029 йилларда Open Banking (очиқ банк) ва рақамли идентификация тизимларини ишга тушириш, 2030 йилда эса минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Ушбу даврда соҳага 1 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиш ҳамда ҳар йили 20–30 та стартапни хорижий бозорларга олиб чиқиш режалаштирилган.

Янги стратегия доирасида Марказий банкнинг улгуржи рақамли валютасини (wCBDC) жорий этиш орқали трансчегаравий тўловларни соддалаштириш, шунингдек, активларни токенизация қилиш ва молиявий жиноятларни аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш пилот лойиҳалари ишга туширилади. Шу билан бирга, бутун молия секторида фирибгарликка қарши мувофиқлаштирилган тизим яратиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устидан назорат кучайтирилади. Маълумот ўрнида, бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолининг 94 фоизи интернетдан, 72 фоизи эса рақамли тўловлардан фаол фойдаланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид