Logo

Ойликнинг 150 бараваригача: хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимлар оиласига қандай имтиёзлар бор?

Ўзбекистонда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг оилаларига давлат томонидан бир марталик нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва бошқа ижтимоий кафолатлар берилади. Vaqt.uz амалдаги қонунчиликни ЙПХ ходимлари мисолида ўрганиб, қандай тўлов ва имтиёзлар берилишини таҳлил қилди.

Ойликнинг 150 бараваригача: хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимлар оиласига қандай имтиёзлар бор?

Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 4-июлдаги 354-сон қарорига кўра, ички ишлар органлари ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлса, унинг оила аъзоларига бир марталик нафақа берилади. Унинг миқдори марҳумнинг лавозими бўйича маоши ва махсус унвони маоши йиғиндисининг 100 бараварига тенг.

Масалан, ходимнинг лавозими ва махсус унвони бўйича жами маоши 5 млн сўм бўлса, ҳисоб-китоб бўйича бир марталик нафақа 500 млн сўмни ташкил қилади.

Қачон 150 баравар берилади?

Агар ходим ватан ҳимояси ва мамлакатнинг тинчлиги йўлида яралангани, контузия ёки майиб бўлгани оқибатида ҳалок бўлса, нафақа миқдори 150 баравар этиб белгиланади. Шу сабабли хизматда ҳалок бўлган ҳар бир ЙПХ ходими учун автоматик равишда 150 баравар тўланади, деб бўлмайди. Аввало унинг ҳалок бўлиш ҳолати қонунчиликда белгиланган қайси тоифага кириши аниқланади.

Давлатнинг ёрдами бир марталик тўлов билан тугамайди. Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ходимларнинг оилалари учун бир қатор қўшимча кафолатлар ҳам берилади:

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси

2023-йил 1-майдан бошлаб бундай ходимларнинг оиласидаги меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзога боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган пул таъминотининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Яъни, бу бир марталик 100 ёки 150 бараварли нафақадан фарқли равишда мунтазам тўланадиган пенсия ҳисобланади. 

Уй-жой бўйича кафолатлар

Агар ҳалок бўлган ходимнинг оила аъзолари белгиланган тартибда тураржойга муҳтож деб топилса, улар уй-жой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади. Шунингдек, тураржой сотиб олиш ёки қуриш учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитини олиш ҳуқуқи ҳам сақланади. Айрим ҳолларда эса марҳум ходим билан бирга яшаган ва номида бошқа турар жойи бўлмаган оила аъзоларига хизмат уй-жойи шахсий мулк қилиб берилиши мумкин.

Фарзандларига қандай имтиёзлар мавжуд?

Ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари боғчаларда бепул тарбияланиши, профессионал ва олий таълим муассасаларида эса давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича ўқиши мумкин.

Тиббий ёрдам ва бошқа имтиёзлар

Оила аъзоларига ИИВ тизимидаги тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақланади. Бундан ташқари, айрим ҳолларда давлат бюджети ҳисобидан юқори технологик тиббий ёрдам ҳам кўрсатилади.

Шунингдек, оила аъзоларининг мурожаатига асосан Ўзбекистон ҳудудидаги санаторий-курорт муассасалари ва болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида йилига бир марта бепул соғломлаштириш таъминланади.

Тўлов тайинлашда ҳалокат сабаби муҳим

Ходимнинг иш вақтида вафот этгани ўз-ўзидан нафақа тайинлаш учун етарли эмас. Унинг ҳалок бўлиши хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги текширилади.

Бунинг учун ҳодиса ўрганилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади. Ходимнинг ўлими хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ деб топилганидан кейин нафақа тайинлаш масаласи белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Шу боис «иш вақтида вафот этди» ва «хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлди» тушунчалари бир хил эмас. Тўлов тайинлашда иккинчи ҳолат муҳим мезон ҳисобланади. Хизмат билан боғлиқлик аниқлангач, тегишли ҳужжатлар комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Хизмат билан боғлиқлик аниқлангач, ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳудудий ва Марказий комиссияларда кўриб чиқилади. Шундан сўнг нафақани тайинлаш бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, тўлов амалга оширилади. 

Муаллиф:Диёра Хабибуллаева

Теглар

Мавзуга оид

Ойликнинг 150 бараваригача: хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимлар оиласига қандай имтиёзлар бор? | Vaqt.uz