
Ўзбек тилини билиш фуқаролик олишни енгиллаштиради — Ҳукумат қарори
B1 даражадаги сертификатга эга шахслар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш жараёнида давлат тилини билиш имтиҳонидан озод этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 31-сонли қарори билан чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатларини бериш тизими расман жорий этилди. Ҳужжатда имтиҳонга рўйхатдан ўтиш, сертификат бериш ва ягона реестр юритиш тартиби белгиланган.
Янги тизимга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб чет эл фуқаролари CEFR мезонлари асосида A1, A2 ва B1 даражалари бўйича имтиҳон топшириши мумкин бўлади. Имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул орган сифатида «Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги» белгиланган.
Расмийлар таъкидлашича, ушбу қадам ўзбек тилини ўрганишни рағбатлантириш ва фуқароликка қабул қилиш жараёнларини шаффофлаштиришга қаратилган.
Юқори даражалар кейинроқ
2027 йил 1 мартдан эътиборан чет эл фуқаролари учун B2, C1 ва C2 даражалари бўйича ҳам сертификат имтиҳонлари жорий этилади. Имтиҳонларни амалий жиҳатдан ташкил этиш Олий таълим, фан ва инновациялар ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг «Илмий-ўқув амалий маркази» давлат муассасаси зиммасига юклатилган.
Марказ онлайн имтиҳонларни ўтказиш, тест материалларини ишлаб чиқиш, натижаларни эълон қилиш ва электрон сертификатлар бериш билан шуғулланади. Шунингдек, «Ўзбек тилини билиш имтиҳони» электрон платформаси ишга туширилади. У орқали рўйхатдан ўтиш, тўлов қилиш, имтиҳон топшириш ва апелляция бериш мумкин бўлади.
Имтиҳонларда иштирок этиш учун номзодлар 50 доллар миқдорида тўлов амалга оширади. Имтиҳон саналарини ваколатли орган белгилаб, платформа орқали эълон қилади.
Фуқаролик учун имтиёз
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили бўйича камида B1 даражадаги малака сертификатига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат тилидан қўшимча имтиҳон топширишдан озод этилади.
Мутахассислар бу янгиликни фуқароликка қабул қилиш жараёнида тил омилини аниқ мезонлар асосида баҳолашга ўтиш сифатида баҳоламоқда. Шу билан бирга, хориждаги миллий маданий марказлар, дипломатик ваколатхоналар ва олий таълим муассасалари ҳузурида ўзбек тили курслари тизими ҳам сақлаб қолинади.
Ҳужжат Миллий қонунчилик маълумотлар базасида эълон қилинган ва 2026 йил 29 январдан кучга кирган.





