Ўзбекистон аҳолиси асосан қайси соҳаларда фаолият юритётгани маълум қилинди
Ўзбекистонда банд аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва саноат соҳаларида фаолият юритмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМиллий статистика қўмитаси Ўзбекистон аҳолисининг иқтисодий фаолият турларини маълум қилди. Унга кўра, меҳнат бозори таркиби бўйича банд аҳолининг энг катта қисми қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасига тўғри келмоқда. Ушбу тармоқда 3 миллион 132,6 минг нафар киши меҳнат қилаётгани қайд этилган. Бу мамлакат иқтисодиётида аграр секторнинг ҳали ҳам муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.
Хизматлар соҳаси ҳам аҳолини иш билан таъминлашда етакчи йўналишлардан бири ҳисобланади. Хусусан, «бошқа турдаги хизматлар» йўналишида 2 миллион 661,8 минг киши фаолият юритмоқда. Шунингдек, улгуржи ва чакана савдо ҳамда транспорт воситаларини таъмирлаш соҳасида 1 миллион 507,9 минг нафар банд.
Саноат тармоқлари орасида ишлаб чиқариш саноати 1 миллион 699,6 минг ишчи билан алоҳида ўрин тутади. Қурилиш соҳасида эса 1 миллион 450,5 минг киши меҳнат қилмоқда. Бу кўрсаткичлар мамлакатда инфратузилма ва индустриал ривожланиш суръатлари юқори эканини англатади.
Ижтимоий соҳаларда фаолият юритётган фуқаролар
Ижтимоий соҳаларда ҳам сезиларли бандлик кузатилади. Таълим тизимида 1 миллион 367,6 минг, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда эса 719,4 минг киши ишлайди. Давлат бошқаруви ва мудофаа соҳаларида 637 минг нафар аҳоли банд.
Қолган соҳаларда бандлик нисбатан камроқ улушни ташкил этади. Масалан, ахборот ва алоқа соҳасида 108,8 минг, молиявий ва суғурта фаолиятида 82,9 минг киши ишлайди. Энергетика, кўчмас мулк, маданият ва тоғ-кон саноати каби йўналишларда эса бандлик 50–70 минг атрофида шаклланган.
Умуман олганда, маълумотлар Ўзбекистон иқтисодиётида хизматлар ва қишлоқ хўжалиги устунлик қилаётганини, саноат ва ижтимоий соҳалар эса барқарор ўсишда давом этаётганини кўрсатади.




