Ўзбекистон банклари фойдаси кескин ошиб 8,5 трлн сўмга етди. Қандай қилиб?
Банклар 2026 йилнинг дастлабки 5 ойида фойдасини 66,7 фоизга оширди. Ўсишнинг асосий манбаи кредитлардан олинган фоизлар эмас, балки комиссия ва бошқа фоизсиз хизматлардан тушган даромадлар бўлмоқда.
© Kontent tayyorlash markazi2026 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистондаги 34 та банк биргаликда 8,5 трлн сўм фойда олишга эришди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботидан маълум бўлди.
Банкларнинг фойда кўрсаткичи 2025 йилнинг мос даврига нисбатан учдан икки қисмга ёки 66,7 фоизга кўпайди. Биргина май ойининг ўзида фойда 1,5 трлн сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, солиқдан олдинги фойда 53,9 фоизга кўпайиб, 9,6 трлн сўмга етди. Фойда солиғини тўлаш харажатлари ўтган йилгидан деярли ўзгармади (15 млрд сўмга камайди) ва 1,2 трлн сўм бўлди.
Банклар қандай қилиб фойдани кескин оширди?
5 ой давомида банкларда фоизсиз даромадлар 61,3 фоизга ошиб, 26,5 трлн сўмдан 42,8 трлн сўмга етди. Бу банкларнинг комиссия даромадлари, тўлов хизматлари ва бошқа фоизсиз хизматлардан тушумлари анча тез ўсаётганини билдиради.
Фоизли даромадлар эса 19,3 фоизга кўпайиб, 59,3 трлн сўмни ташкил қилди. Аммо фоизли харажатлар (+23 фоиз) фоизли даромадларга нисбатан тезроқ ўсмоқда.
Натижада фоизли маржа 15,1 трлн сўмдан 16,7 трлн сўмга ҳажман ошган бўлса-да, унинг ўсиш суръати атиги 11 фоиз бўлган. Бу депозитлар ва жалб қилинган ресурслар қиймати қимматлашаётганини англатади.
Банкларнинг фоизсиз даромадидан фоизсиз харажатларини чиқариб ташланганда ҳосил бўладиган фоизсиз соф даромади 2,5 бараварга (+152,9 фоиз) ошган. Айнан шу омил фойда ўсишининг асосий сабабларидан бирига айланган.
Умуман олганда, банклар кредит ва бошқа шу каби фоизли хизматлардан кўра, комиссия, тўлов каби хизматлардан кўпроқ даромад олмоқда.
Бу тенденция давом этадиган бўлса, 2027 йилда банк тизимида фоизсиз даромадлар илк марта фоизли даромадлардан ўтиб кетиши мумкин.
Тизимнинг рентабеллик кўрсаткичлари қандай?
Йил бошидан бери фойда ва даромадлар ўсиши билан биргаликда банк тизимининг рентабеллик кўрсаткичлари ҳам яхшиланган.
Солиқ тўлангунга қадар соф фойданинг жами активларга нисбати –– РОА 1,9 дан 2,4 га ўсди. Солиқ тўлангунга қадар соф фойданинг жами капиталга нисбати — РОE эса 10,3 дан 14,5 га кўпайди.
Шунга қарамай, соф фоизли даромадларнинг активлар, кредитлар ва мажбуриятларга нисбатида бироз пасайиш қайд этилди.





