
Ўзбекистон дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рўйхатида 53-ўринни эгаллади
World Happiness Report 2025 ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг бахтли мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллади.

Жаҳон бахт индексини ўлчовчи World Happiness Report 2025 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон дунё бўйича 53-ўринни эгаллади. Марказий Осиё давлатлари ичида эса мамлакат Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда қайд этилди.
Ҳисоботда Қозоғистон 43-ўрин билан минтақада етакчилик қилган, Ўзбекистон 53-ўринда, Қирғизистон 75-ўринда, Тожикистон эса 90-ўринда жой олган. Туркманистон маълумотлар етарли бўлмагани сабабли баҳолашга киритилмаган.
Ҳисоботда Марказий Осиё давлатлари иқтисодий фарқлар бўлишига қарамасдан, жаҳондаги энг ҳамжиҳат ва ёрдамсевар минтақалардан бири сифатида эътироф этилган. Муаллифларнинг таъкидлашича, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон аҳолиси ўзаро ишонч, бирдамлик ва меҳр-оқибат билан ажралиб туради.
Тадқиқот натижаларига кўра, минтақадаги хайрихоҳлик индекси ўртача 0,30–0,36 орасида бўлиб, жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткич — 0,33 баллни ташкил этади. Бу Марказий Осиёда оилавий қадриятлар, ўзаро ёрдам ва жамоавий ҳаётда фаол иштирок этиш каби анъаналар ҳануз кучли эканини кўрсатади.
World Happiness Report халқаро ҳисоботи ҳар йили БМТнинг Тикланиш дастури ва Sustainable Development Solutions Network ташкилотлари ҳамкорлигида тайёрланади. Унда мамлакатлар аҳолисининг турмуш даражаси, иқтисодий имкониятлари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ишонч кўрсаткичлари асосида баҳоланади.





