add

Ўзбекистон жаҳонда энг кўп мол гўшти истеъмол қилаётган давлатлар орасида

Дунё бўйлаб мол гўшти ейиш бўйича Аргентина пешқадам, товуқ гўшт ейиш бўйича орол давлатлар етакчи. Мўғулистон эса қўй ва эчки гўшти ейишда жуда катта фарқ билан олдинда. Ўзбекистоннинг кўрсаткичи ҳам маълум қилинди.

Ўзбекистон жаҳонда энг кўп мол гўшти истеъмол қилаётган давлатлар орасида

Дунёда гўшт истеъмоли таркиби мамлакатларнинг маданий анъаналари, иқлим шароити ва озиқ-овқат таъминотига боғлиқ ҳолда кескин фарқ қилади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, қорамол, товуқ, қўй ва эчки гўшти бўйича етакчи мамлакатлар рўйхати мутлақо турлича шаклланган.

Ушбу кўрсаткичлар ҳар бир давлатдаги рационинг таркиби ва тарихий овқатланиш моделини ҳам акс эттиради.

Аҳоли жон бошига умумий гўшт маҳсулотларини энг кўп истеъмол қиладиган давлатлар бешталигига Тонго (148 кг), Мўғулистон (132 кг), Сент-Винсент ва Гренадин (124 кг), Ҳонгконг (123 кг) ва АҚШ (123 кг) киради.

Марказий Осиё давлатларида бу борада кўрсаткичлар шундай:

1. Қозоғистон — 70 кг;

2. Туркманистон — 59 кг;

3. Ўзбекистон — 42,4 кг;

4. Озарбойжон — 40,5 кг;

5. Қирғизистон — 38,2 кг;

6. Тожикистон — 35,9 кг;

Қорамол гўштини истеъмол қилиш бўйича эса Аргентина пешқадамлик қилмоқда — бу давлатда 2025 йилда аҳоли жон бошига 46 кг.дан мол гўшти тўғри келган. Зимбабве 44,4 килограмм билан иккинчи ўринда. Мол гўшти истеъмол бўйича кейинги ўринларда АҚШ (38 кг), Исроил (36,1 кг) ва Бразилия (34,6 кг) ва Ўзбекистон (30,8 кг) бор.

Мол гўшти истеъмоли бўйича Марказий Осиёдаги кўрсаткичлар қуйидагича: Ўзбекистон (30,8 кг), Туркманистон (25,1 кг), Тожикистон (24,9 кг), Қозоғистон (24,8 кг), Қирғизистон (15,7 кг), Озарбойжон (15 кг).

Товуқ гўшти истеъмолида эса орол давлатлари етакчилик қилади. Сент-Винсент ва Гренадин аҳоли жон бошига 94,1 кг билан биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Тонга (90,6 кг), Маршалл ороллари (74,8 кг), Самоа (74,8 кг) ва Исроил (70,8 кг) жойлашган. Бу давлатларда ер ресурсларининг чекланганлиги туфайли товуқчилик арзон ва самарали протеин манбаи сифатида устунлик қилади.

Марказий Осиёда бу борадаги кўрсаткичлар: Қозоғистон (21,8 кг), Озарбойжон (16,1 кг), Туркманистон (11,2 кг), Қирғизистон (7,55 кг), Ўзбекистон (6,38 кг), Тожикистон (2,75 кг).

Қўй ва эчки гўштини истеъмол қилишда Мўғулистон катта фарқ билан етакчи — аҳоли жон бошига 68,5 кг. Бу мамлакатда кўчманчи чорвадорлик маданияти ҳукмрон бўлиб, ернинг қаттиқ иқлим шароити қишлоқ хўжалик экинларини катта ҳажмда етиштиришни чеклайди. Шу боис, рацион асосан гўшт маҳсулотларига таянади. Рўйхатдаги қолган мамлакатлар Баҳрайн (23,4 кг), Янги Каледония (21,9 кг), Туркманистон (20,3 кг) ва Чад (19,0 кг) каби давлатлардир.

Марказий Осиёда бу борадаги кўрсаткичлар: Туркманистон (20,3 кг), Қирғизистон (9,84 кг), Озарбойжон (8,6 кг), Қозоғистон (8,51 кг), Тожикистон (7,7 кг), Ўзбекистон (4, 8 кг).

Мутахассисларга кўра, гўшт истеъмолидаги ушбу тафовутлар мамлакатларнинг иқтисодий имкониятлари, ер ресурслари, иқлим шароити ва тарихий анъаналар билан бевосита боғлиқ. FAOнинг таъкидлашича, гўшт маҳсулотларига бўлган талаб дунё бўйлаб ўсиб бораётган бўлса-да, унинг таркиби ва турлари минтақаларга кўра турлича шаклланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон жаҳонда энг кўп мол гўшти истеъмол қилаётган давлатлар орасида | Vaqt.uz