
Ўзбекистон Кремний водийсида ўзининг офисини очади
Мамлакат ўзининг сунъий интеллект ишланмаларини халқаро миқёсда тарғиб қилишни бошлайди.

Ўзбекистон Кремний водийсида сунъий интеллект соҳасидаги маҳаллий ишланмаларни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш учун ўз ваколатхонасини очади. Бу ҳақда бугун, 28 ноябр куни мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтказилган сунъий интеллект бўйича халқаро форумда маълум қилди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ташаббус ўзбекистонлик мутахассислар ва дунёнинг етакчи технология компаниялари, сармоядорлар ҳамда акселераторлар ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатишга қаратилган.
«Асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни нафақат замонавий технологиялар истеъмолчиси, балки уларни яратадиган, экспорт қиладиган ва глобал миқёсда рақобатлаша оладиган давлатга айлантиришдир. Миллий маҳсулотларимизни халқаро бозорга йўналтириш борасида АҚШнинг Кремний водийсида Миллий трансфер офисини очиб, ёшларимиз ва стартап асосчиларини йирик компаниялар, инвестор ва акселераторлар билан тўғридан-тўғри боғлаш имкониятини яратамиз», - деди Мирзиёев.
Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш келгуси беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 10 миллиард доллар қўшимча қиймат келтириши мумкин.
Президентнинг таъкидлашича, АТ соҳасини ривожлантириш стратегияси доирасида 2030 йилга қадар АТ-хизматлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш ва минглаб юқори маошли иш ўринларини яратиш режалаштирилган.





