Ўзбекистон маиший кимё бозорида 100 та янги бренд яратилади

Бугун 14:402 дақиқа

Ўзбекистон маиший кимё соҳасига 65 миллион доллар йўналтириб, 100 та янги бренд ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон маиший кимё бозорида 100 та янги бренд яратилади © prezident.uz

Ўзбекистонда маиший кимё саноатини ривожлантириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича янги ташаббуслар белгиланди. Қайд этилишича, минтақада маиший кимё маҳсулотлари бозорининг умумий ҳажми 2 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселекторда маълум қилинди.

Соҳадаги муваффақиятли лойиҳалардан бири сифатида «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган корхона мисол қилиб келтирилди. Мазкур корхона дунёга машҳур «Henkel» компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Маълум қилинишича, «Henkel» ушбу корхонани тўлиқ сотиб олган ва эндиликда шу ҳудуддан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларига маҳсулот етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг минтақавий ишлаб чиқариш ва экспорт марказига айланиш имкониятини кучайтириши мумкин.

Янги лойиҳалар режаси

Бундай ҳамкорликларни кўпайтириш мақсадида Тошкент шаҳридаги саноат зоналаридан биридаги ишлаб чиқариш майдонлари махсус равишда маиший кимё лойиҳалари учун ажратилади.

Шунингдек, ишга туширилган корхоналарни ўз бренди билан бирга тайёр даромадли бизнес сифатида хусусий секторга сотиш шарти асосида янги лойиҳаларни молиялаштириш режалаштирилмоқда.

Ушбу мақсадлар учун 50 миллион доллар маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бу механизм хусусий инвесторларни янги ишлаб чиқаришларга жалб қилиш ва соҳада рақобатни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Экспорт ва брендлар

Ҳудудларда амалга ошириладиган шунга ўхшаш лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Саноат кооперацияси жамғармаси орқали яна 15 миллион доллар йўналтирилади.

Умуман олганда, мутасаддиларга маиший кимё соҳасида қўшимча равишда камида 100 та янги бренд маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Бу ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид