add

Ўзбекистон мудофаа тизимида келгуси 4 йил учун янги мақсадлар белгиланади

07.01.2026 | 17:272 дақиқа

«Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида Қуролли кучлар қудрати, рақамлашув ва ҳарбийлар ижтимоий ҳимояси қатор кўрсаткичлар белгиланмоқда.

Ўзбекистон мудофаа тизимида келгуси 4 йил учун янги мақсадлар белгиланади

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини оширишга қаратилган янги мақсадли кўрсаткичлар белгиланмоқда. Ҳужжатда Қуролли кучлар имкониятларини мустаҳкамлаш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва инсон капиталига инвестиция киритиш устувор вазифалар сифатида қайд этилган.

Ушбу лойиҳада Қуролли кучлар резерви учун сафарбарлик ресурсларини кенгайтириш мақсадида ҳар йили резервдаги ҳарбий хизматга мажбурларнинг ўртача 2,6 фоизини ҳарбий йиғинларга жалб этиш режалаштирилган. Бу орқали 2030 йилга қадар ушбу кўрсаткични жами 13 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия фаолиятига ҳимояланган автоматлаштирилган бошқарув ва ахборот тизимларини жорий этиш муҳим йўналиш сифатида белгиланган. Замонавий алоқа ва криптографик ҳимоя воситалари билан таъминлаш, катта ҳажмдаги маълумотлар базасини яратиш ҳамда ахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали қўшинларни рақамлаштириш даражасини 85 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини кучайтириш мақсадида қўшинлар 282 та замонавий тренажёрлар билан жиҳозланади. Олис гарнизонларга инфомобиллар ажратиш, «Армия ва ёшлар – бир тан-у бир жон» тамойили асосида тўгараклар ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини ташкил этиш орқали қамровни 675 минг нафарга етказиш кўзда тутилган.

Кадрлар соҳасида эса мудофаа ва миллий гвардия тизимида кадрлар ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш, ягона платформа яратиш ва уни «Электрон ҳукумат» тизими билан интеграция қилиш вазифаси белгиланган.

Ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш доирасида умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган 7500 нафар ЧҚБТ раҳбарларининг малакасини замонавий таълим стандартлари асосида мунтазам ошириш ҳам режалаштирилган.

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя йўналишида эса Қуролли кучлар ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 8500 нафар ҳарбий хизматчи ва пенсионерларни турар жой билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, давлат дастури доирасида уй-жойнинг бир квадрат метри учун ажратиладиган маблағлар ҳажмини босқичма-босқич ошириш режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид