Logo

Ўзбекистон олти ойда газни экспорт қилганидан 4,2 баравар кўпроқ импорт қилди

Бугун 18:333 дақиқа

Йил бошидан буён мамлакат қарийб 1 млрд долларлик табиий газ импорт қилиб, 232,9 млн долларлик газ сотди. Натижада импорт ҳажми экспортдан 4,2 баравар юқори бўлган

Ўзбекистон олти ойда газни экспорт қилганидан 4,2 баравар кўпроқ импорт қилди

Январь–июнь ойларида Ўзбекистон 971,7 млн АҚШ долларлик табиий газ импорт қилди. Кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 41,4 фоизга кўп. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.

Январь–май якунида эса газ импорти 724,7 млн доллар бўлиб, ўсиш суръати 84,1 фоизни ташкил этганди. Бу эса июнь ойида яна 247 млн долларлик газ импорт қилинганини англатади.

Шундай қилиб, июнь ойида импорт ҳажми сезиларли ошган бўлса-да, ярим йиллик якунида юқори база таъсири ҳисобига йиллик ўсиш суръати 84,1 фоиздан 41,4 фоизгача секинлашган.

1

Январь–май ойларида газ импорти қуйидагича тақсимланган:

●     январь — 167,6 млн доллар;

●     февраль — 34,6 млн доллар;

●     март — 158,3 млн доллар;

●     апрель — 147,8 млн доллар;

●     май — 216,4 млн доллар.

Бундан келиб чиқиб, июнь ойида импорт қарийб 247 млн долларни ташкил этган. Бу январь–июнь давридаги энг юқори ойлик кўрсаткич ҳисобланади.

Шунингдек, ҳисобот даврида 86,3 млн долларлик суюлтирилган газ (пропан) импорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,6 баробар кўп.

Экспорт 34,4 фоизга қисқарди

2026 йилнинг олти ойида Ўзбекистон 232,9 млн АҚШ долларлик табиий газ экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,4 фоизга кам.

Таққослаш учун, январь–май якунларига кўра газ экспорт 202,9 млн долларни ташкил этган ва йиллик пасайиш 29,6 фоиз даражасида бўлганди. Демак, июнь ойида қўшимча 30 млн долларлик газ экспорт қилинган. Шу билан бирга, ярим йиллик якунида экспортдаги пасайиш суръати янада чуқурлашиб, 29,6 фоиздан 34,4 фоизгача ёмонлашган.

Январь–май ойларида газ экспорти ойлар кесимида қуйидагича шаклланган:

●     январь — 0 доллар;

●     февраль — 7,1 млн доллар;

●     март — 29,4 млн доллар;

●     апрель — 92,7 млн доллар;

●     май — 73,5 млн доллар.

Шундан келиб чиқиб, июнь ойида экспорт ҳажми тахминан 30 млн долларни ташкил этган.

Аммо Vaqt.uz ўрганган Ўзбекистон ва Хитой статистикалари ўртасида фарқ мавжуд. Хитой Божхона бош бошқармаси маълумотларига кўра, январь-июнь ойларида Ўзбекистондан Хитойга газ экспорти 218,68 млн долларни ташкил қилган. Икки давлат статистикаси орасидаги тафовут 14,2 млн доллардан ошади.

2

            Хуллас, олти ойда табиий газ импорти экспортдан 4,2 баравар юқори бўлди. Ҳисобот даврида мамлакат 971,7 млн долларлик газ импорт қилган бўлса, 232,9 млн долларлик газ экспорт қилди. Натижада газ бўйича ташқи савдо балансида 738,8 млн долларлик импорт устунлиги юзага келган.

Бошқа ёқилғи маҳсулотлари савдоси

Табиий газдан ташқари, Ўзбекистон январь–июнь ойларида 422,2 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 54,3 фоизга кўп. Шунингдек, 116,2 млн долларлик электр энергияси (+13,4 фоиз) ва 1,5 млн долларлик кўмир, кокс ҳамда брикетлар (+38 фоиз) экспорт қилинди.

Натижада, минерал ёқилғи маҳсулотлари экспорти жами 772,8 млн долларни ташкил этиб, бир йил аввалгига нисбатан 5,6 фоизга ошган.

Импортда эса асосий улуш яна нефть ва нефть маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. Ҳисобот даврида бу йўналишда 1,11 млрд долларлик маҳсулот олиб кирилган бўлиб, ўсиш 8,1 фоизни ташкил этди. Жумладан, 409,5 млн долларлик бензин импорт қилиниб, унинг ҳажми бир йилда 78,5 фоизга ошган. Дизель импорти эса аксинча, 11,1 фоизга камайиб, 228,9 млн долларни ташкил этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 92,2 млн долларлик кўмир, кокс ва брикетлар (+3,2 фоиз) ҳамда 55,1 млн долларлик электр энергияси импорт қилди. Электр энергияси импорти ўтган йилга нисбатан 15,6 фоизга қисқарган.

Теглар

Мавзуга оид