Ўзбекистон Президенти Қатар Амири билан учрашди
Шавкат Мирзиёев Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийни ўзига қулай бўлган фурсатларда Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.
© Foto: president.uzЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатарнинг собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш учун ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Лусаил саройида давлат раҳбари Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашган.
Қайд этилишича, мулоқот аввалида Президент Мирзиёев Қатар Амирига отаси – собиқ Амир Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафот этгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирган.
«Шайх Ҳамад Ол Соний Ҳазратлари Қатар Давлати эришган кўплаб тарихий ютуқлар, улкан бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги жадал ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортишига улкан ҳисса қўшган сиёсат арбоби бўлгани таъкидланди», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Шайх Ҳамаднинг мамлакатлар ўртасидаги яқин дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашдаги самарали меҳнатлари алоҳида қайд этилган.
Стратегик шериклик ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Қатар бугунги кунда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрин эгаллаётгани, халқаро майдонда катта таъсирга эга «Доҳа овози» пайдо бўлганини эътироф этган.
Икки давлат етакчилари Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали алоқаларни янги босқичга кўтариш, долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилган.
Қатар Амири Ўзбекистонга таклиф қилинди
Ўз навбатида, Қатар Амири Ўзбекистон Президентига ушбу синовли дамларда шахсан ташриф буюриб, билдирган самимий ҳамдардлиги ҳамда дўстона қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этган.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Қатар Амирини ўзига қулай бўлган фурсатларда Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этган.





