add

Ўзбекистон–Қирғизистон ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 17 фоизга ўсган

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон энергетика вазири ўртасидаги учрашувда маълум қилинди.

Ўзбекистон–Қирғизистон ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 17 фоизга ўсган

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида вазир Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг саломини давлат раҳбарига етказди.

Музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг, айниқса энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 17 фоизга ошган. Шу билан бирга, юк ташиш ҳажми ҳам ортгани, иқтисодиётнинг турли устувор йўналишларида қўшма кооперация лойиҳалари самарали амалга оширилаётгани билдирилди.

Учрашувда энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоҳида қайд этилди. Айни пайтда икки давлат ўртасида электр энергиясини барқарор етказиб бериш ва транзит қилиш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, «яшил» энергетика йўналишида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Президент Мирзиёев сув энергетикасини янада ривожлантириш икки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, минтақавий аҳамият касб этувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан «Қамбар-ота ГЕС-1» қурилишини жадал илгари суриш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Озарбойжон, Туркия, БАА энергетика вазирлари билан ҳам учрашганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид