Logo

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш  рейтингида топ 50 таликка кирди

Соғлиқни сақлаш индексида Ўзбекистон 101 та давлат орасида 49-ўринни эгаллади. Марказий Осиё давлатлари ичида эса етакчи бўлди. Хўш, ушбу кўрсаткич нимани англатади, рейтинг қай тартибда шакллантирилади?

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш  рейтингида топ 50 таликка кирди © freepik.com — freepik

«Numbeo» платформаси дунё мамлакатларининг соғлиқни сақлаш тизими сифати бўйича Health Care Index рейтингини мунтазам эълон қилиб боради. Мазкур рейтинг турли давлатларда тиббий хизматлар сифати ва инфратузилма даражасини ўзаро таққослаш имконини беради.

Минтақада Ўзбекистоннинг ўрни қандай?

Халқаро соғлиқни сақлаш рейтингининг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон тизим самарадорлиги бўйича 64,4 балл билан 49-ўринни эгаллади. Шаҳарлар кесимида эса Тошкент 65,7 балл билан Марказий Осиёда Остона шаҳридан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. 

Рейтингда Ўзбекистоннинг энг яхши баҳоланган жиҳатлари тиббиёт муассасаларининг аҳолига яқин жойлашгани, шифокорларнинг беморлар билан муносабати ва тиббий хизматларнинг нархи қулайлиги бўйича 68-71 балл оралиғида баҳоланди. Шу билан бирга, замонавий диагностика ускуналари билан таъминланганлик (59,3 балл) ҳамда шифокор кўригини кутиш вақти (58,3 балл) нисбатан паст кўрсаткич қайд этган йўналишлар сифатида кўрсатилди.

Бу Ўзбекистоннинг халқаро соғлиқни сақлаш рейтингларидаги илк натижаси эмас. 2025 йил Ўзбекистон «Ceoworld Magazine» журналининг соғлиқни сақлаш тизими сифати бўйича тузилган рейтингида ҳам қайд этилган эди. Унда мамлакат 110 та давлат орасида 36,26 индекс билан 64-ўриндан жой олганди.

 

1

 

Numbeo маълумотларига кўра, ушбу рўйхатга Марказий Осиё мамлакатларидан фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон киритилган. Ўзбекистон топ 50 талик билан минтақада энг юқори натижани қайд этган бўлса, Қозоғистон 60,7 балл билан 61-ўринни эгаллади. Шу тариқа, рейтингда иштирок этган минтақа давлатлари орасида Ўзбекистоннинг кўрсаткичи юқори бўлди.

МДҲ давлатлари кесимида ҳам Ўзбекистон етакчилик қилди. (рейтинга киритилган давлатлар кесимида) Мамлакат Россия (60-ўрин), Қозоғистон (61-ўрин) ва Арманистонни (62-ўрин) ортда қолдирди. Беларус 91-ўрин билан ҳамда Озарбайжон 92-ўрин  билан энг  паст натижани кўрсатди.

Тайвандан Суриягача: соғлиқни сақлаш тизимлари ўртасидаги фарқ нимада?

Етакчи давлатлар. Рейтингда биринчи ўринни Тайван эгаллади. Мамлакат 87,1 балл билан 101 та давлат орасида энг юқори натижани қайд этди. Бунинг асосий сабабларидан бири эса тиббий суғурта қамровининг кенглигидир. Мамлакатда 1995 йилда жорий этилган Миллий тиббий суғурта (НҲИ) тизими аҳолининг қарийб 99 фоизини қамраб олган. Ҳатто Тайванда олти ойдан ортиқ яшаётган хорижликларга ҳам бу тартиб амал қилади.

Тайван соғлиқни сақлаш тизимининг яна бир афзаллик томони шундаки, ҳар бир суғурталанган шахсда смарт-картаси бор. Бу орқали шифокорлар беморнинг касаллик тарихи, қабул қилган дори воситалари ва таҳлиллари ҳақидаги маълумотларни бевосита кўриши мумкин. Бу эса ташхис қўйиш жараёнини тезлаштириб, тиббий хизматлар самарадорлигини оширади.

Бу давлат суғурта харажатларнинг асосий қисмини қоплагани сабабли, беморлар фақат кичик қўшимча тўловларни амалга оширади. Масалан, клиникаларда шифокор кўриги 1,5–4,5 доллар (18-55 минг сўмгача), йирик шифохоналарда эса 9–12 доллар (108-145 минг сўмгача) атрофида бўлади.

Иккинчи поғонада Жанубий Корея 83 балл билан қайд этилган. Бу давлатда соғлиқни сақлаш тизими рақамлаштирилган. Шунингдек, оғир касалликларни эрта аниқлаш учун миллий скрининг дастурлари жорий этилган. Бу касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Япония эса 79,9 балл билан учинчи ўринни эгаллаган. Мамлакатдаги узоқ умр кўриш кўрсаткичи, касалликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чоралар ва ривожланган тиббий инфратузилма унинг юқори натижадан жой олишига сабаб бўлди.

Рейтингнинг юқори бешлигидан Эквадор 78,2 балл билан, Нидерландия 77,6 балл билан жой олган. Нидерландияда тиббий суғурта ва хизматларни ташкил этиш тизими жуда яхши ривожланган. Эквадор давлати эса халқаро стандартдаги стоматология, пластик жарроҳлик, кардиология ва ортопедия хизматларини АҚШ ҳамда Европага нисбатан 25-50 фоизгача арзон нархларда кўрсатиши билан бошқаларидан  ажралиб туради.

 

Рисунок2

Энг қуйи давлатлар. Соғлиқни сақлаш тизимида Сурия  энг паст даражада баҳоланган. Мамлакат 35,7 балл билан 101-ўринни эгаллади. Бунга 2011 йилдан буён давом этаётган қуролли можаро оқибатида соғлиқни сақлаш тизимида юзага келган жиддий муаммолар сабаб бўлган. Можаролар сабаб суриялик шифокор ва тиббиёт ходимларининг 70 фоиздан ортиғи мамлакатни тарк этган.

Урушгача Сурия ўз эҳтиёжининг 90 фоиз дори-дармонини ўзи ишлаб чиқарадиган Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги етакчи давлатлардан бири эди. Бугунги кунда дори заводларининг аксарияти вайрон бўлган. Бу каби можаролар мамлакатнинг халқаро рейтингда энг ёмон натижа кўрсатишига сабаб бўлмоқда.

Рейтингнинг паст кўрсаткичлардан бири Венесуэла 39,4 балл билан 100-ўриндан жой олган. Шунингдек, қуйи қисмда Бангладеш 42,1 балл, Марокаш 46,8 балл ва Ироқ 47,2 балл билан қайд этилган. Бу мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимига таъсир қилувчи омиллар турлича бўлса-да, тиббий инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ускуналар билан таъминлаш ва малакали тиббиёт ходимлари етишмовчилиги ҳануз долзарб масала бўлиб қолмоқда.

 

Рисунок3

 

 Соғлиқни сақлаш индекси қандай шакллантирилади?

Numbeo Health Care Index давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимини фойдаланувчиларнинг баҳолари асосида шакллантиради. Рейтинг платформага ташриф буюрган фойдаланувчиларнинг сўнгги 36 ой давомида қолдирган онлайн баҳолари асосида ҳисобланади. Якуний индекс 0 дан 100 баллгача бўлган шкалада аниқланади.

Индексни ҳисоблашда фойдаланувчилар соғлиқни сақлаш тизимини 7 та асосий мезон бўйича баҳолайди.

Булар:

●       тиббиёт ходимларининг малакаси;

●        ташхис қўйиш ва даволаш тезлиги;

●       шифохоналарнинг замонавий ускуналар билан таъминлангани;

●       тиббий хизматлар сифати, тиббий ҳисобот ва текширувлар аниқлиги;

●       аҳолига қулайлиги;

●       хизматларнинг нархи;

●       тиббий муассасалардан фойдаланиш имкониятидир.

Numbeo рейтинг ишончлилигини ошириш мақсадида бир нечта техник филтрлардан фойдаланади. Хусусан, бир хил ИП-манзилдан юборилган такрорий баҳолар текширилади, сўнгги йилларда берилган баҳоларга эски рақамлар таққосланиб, халқаро рейтинг тузилади.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг топ-50 таликка киргани соғлиқни сақлаш тизими халқаро рейтингда ижобий томонга ўзгараётганини кўрсатади. Бироқ рейтингдаги ўринни яхшилаш учун тиббий суғурта қамровини кенгайтириш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш, хизматларни рақамлаштириш муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Numbeo платформасида Health Care Index  фойдаланувчиларининг баҳолари ва сўровнома натижалари асосида тузиладиган рейтинг ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид