add

Ўзбекистон Тинчлик кенгашига 1 млрд доллар бермасдан қўшилди

23.01.2026 | 16:581 дақиқа

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг Vaqt.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Трамп асос солган халқаро тузилмага бадалсиз қўшилган.

Ўзбекистон Тинчлик кенгашига 1 млрд доллар бермасдан қўшилди

Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган халқаро тузилма —Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов Vaqt.uz'га маълум қилди.

Аввалроқ, Қозоғистон Тинчлик кенгашига қўшилиш учун 1 миллиард доллар миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмаслиги, бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқи эканини айтиб, мамлакат ушбу кенгашга аъзолик бадалисиз қўшилганини маълум қилганди.

«Биз ҳам бадалсиз қўшилдик», - деди Аҳрор Бурхонов.

Кенгашда қолиш муддати

Маълумот учун, Тинчлик кенгашининг қоидаларига кўра, ташкилотга аъзолик дастлаб уч йиллик муддатни ўз ичига олади. Бироқ, агар бирор давлат ўз ихтиёри билан биринчи йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги бадални тўласа, унга кенгашда белгиланган муддатдан кўпроқ вақт давомида қолиш имконияти тақдим этилади.

Давосдаги тарихий келишув

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Доналд Трамп учрашди. Ушбу ташриф давомида Ўзбекистон раҳбари Тинчлик кенгаши низомини имзолади. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши билан Ўзбекистон нафақат ташкилот аъзосига, балки унинг асосчиларидан бирига айланди.

Теглар

Мавзуга оид