Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотида янги иқтисодий кенгаш тузишни таклиф қилди
Мазкур ташаббус Туркий давлатлар ташкилоти доирасида иқтисодий интеграцияни кучайтиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Туркий давлатлар ташкилоти доирасида янги иқтисодий механизм — Иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгаш тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда у 2-апрел куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ ҳукумат раҳбарлари йиғилишда маълум қилди.
Мазкур ташаббус Туркий давлатлар ташкилоти доирасида иқтисодий интеграцияни кучайтиришга қаратилган. Янги органни бош вазир ўринбосарлари даражасида шакллантириш режалаштирилмоқда.
Таклиф этилаётган кенгашнинг асосий вазифаси аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни янада жадаллаштиришдан иборат. Ўзбекистон томони ушбу механизм яқин вақт ичида тасдиқланишига умид билдирмоқда.
Шу билан бирга, Арипов саноат кооперацияси ва стратегик захиралар соҳасидаги ҳамкорликни устувор йўналиш сифатида қайд этди. Унинг таъкидлашича, бу йўналишлар минтақада барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бош вазир, шунингдек, туркий давлатлар Савдо-саноат палаталари иттифоқини тузиш жараёнини тезлаштириш зарурлигини билдирди.
«Саноат кооперациясини ва стратегик захиралар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро алоқаларнинг асосий йўналишларидан биридир. Шу муносабат билан, туркий давлатлар Савдо-саноат палаталари иттифоқини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш, жумладан, тўлиқ циклли ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат занжирларини яратишга қаратилган стратегик минераллар бўйича ҳамкорлик дастурини қабул қилиш зарур деб ҳисоблаймиз», — деди Бош вазир.





