Ўзбекистон уй-жой бозорида ўсиш секинлашди

Апрел ойида уй-жой бозорида фаоллик пасайган бўлса-да, нархлар ва савдо ҳажмида ижобий динамика сақланиб қолди.

Ўзбекистон уй-жой бозорида ўсиш секинлашди © vaqt.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил апрел ойи якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозори таҳлилини эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, ой давомида мамлакат бўйича 23,3 мингта уй-жой битими расмийлаштирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 фоизга кам.

Мутахассислар март ойида кузатилган юқори фаолликни апрелдан жорий этилган эскроу ҳисоб-китоб тизими билан изоҳламоқда. Шунга қарамай, йил бошидан бери бозорда ўсиш сақланиб қолган. Хусусан, январь–апрел ойларида уй-жой олди-сотди битимлари сони 125 мингдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 34,8 фоизга кўпайган.

Энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида қайд этилди. Бу ҳудудда битимлар ҳажми 50 фоизга ошган. Андижон вилоятида ўсиш 42 фоизни ташкил этган бўлса, Тошкент шаҳрида уй-жой савдоси йил бошидан бери 46 фоизга кўпайган.

Қурилиш ҳажми ортмоқда

Таҳлилда қайд этилишича, бозор фаоллиги қурилиш суръатларининг ошиши билан ҳам боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, мамлакат бўйича 15,9 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилган. Бу аввалги йилга нисбатан 2,8 фоиз юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Энг юқори қурилиш ҳажми Тошкент вилоятида кузатилган. У ерда фойдаланишга топширилган уй-жой майдони қарийб 2 миллион квадрат метрга етган. Андижон вилоятида 1,33 миллион квадрат метр, Тошкент шаҳрида эса қарийб 1 миллион квадрат метр уй-жой топширилган.

Қайд этилишича, 2026 йилда мамлакат бўйича 140 мингта янги турар жой қуриш режалаштирилган.

Нархлар ўсиши давом этмоқда

Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўтган йилга нисбатан ўртача 8,5 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида — 20 фоиз, Сурхондарё вилоятида — 16,5 фоиз ва Бухоро вилоятида — 16,3 фоиз даражасида қайд этилган.

Тошкент шаҳри ҳануз энг қиммат уй-жой бозори бўлиб қолмоқда. Апрел ойида иккиламчи бозорда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 1150 долларга етган. Бирламчи сегментда эса нархлар янада тез ўсмоқда. Айниқса, Юнусобод, Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманларида юқори ўсиш суръатлари кузатилган.

Теглар

Мавзуга оид