Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида қандай ҳужжатлар имзоланди?

Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди иштирокида икки давлат ҳамкорлигининг турли йўналишларини қамраб олган 12 та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида қандай ҳужжатлар имзоланди? © president.uz

Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди иштирокида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Томонлар муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарилганини қайд этди. Ташриф доирасида қўшма баёнот ва савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Жами 12 та ҳужжат қабул қилинди. Улар орасида 2026–2030-йилларга мўлжалланган маданий алмашинувлар дастури, Аюрведа ва анъанавий тиббиёт, олий таълим ва илмий тадқиқотлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда иқтисодий-молиявий мулоқот бўйича келишувлар бор.

Жумладан:

– Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича қўшма баёнот;

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган маданий алмашинувлар дастури;

– Аюрведа ва анъанавий тиббиётнинг бошқа йўналишларида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми;

– Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Фаёзтепа ва Қоратепа ҳудудларида археологик тадқиқотлар ўтказиш тўғрисида баённома;

– Иқтисодий ва молиявий мулоқот тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;

– 2026-2028 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури;

– Геология ва минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;

– Архив иши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;

– Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Сушма Свараж номидаги Ташқи алоқалар институти ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;

– Самарқанд вилояти ва Гужарат штати ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим.

Шавкат Мирзиёев музокаралар якуни бўйича ОАВ вакилларига берган баёнотида Нарендра Модининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи икки давлат муносабатларида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Президентнинг қайд этишича, ўтган йили Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш 33 фоизга ўсиб, 1,3 млрд долларни ташкил қилган. Томонлар ушбу кўрсаткични 2030 йилга қадар 5 млрд долларга етказишни мақсад қилди.

Ташриф давомида муҳим қўшма инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди. Энергетика, нодир минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электроника, машинасозлик, заргарлик ва қишлоқ хўжалигида янги «ўсиш нуқталари» белгилаб олинди.

Ҳамкорлик кенгаяди

Маданий-гуманитар соҳада ҳам янги келишувларга эришилди. Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та олийгоҳи фаолият юритаётгани, Лал Баҳодур Шастри ва Маҳатма Ганди номидаги марказлар самарали ишлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, 30 кунлик визасиз тартиб ва икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 марта амалга оширилаётган тўғридан-тўғри авиақатновлар туризмни ривожлантириш учун муҳим омил сифатида кўрсатилди.

Томонлар БМТ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати, БРИКС ва Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишди.

Музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли «йўл харитаси» ишлаб чиқилиши маълум қилинди. Унда ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар ва ижро механизмлари белгиланади.

Теглар

Мавзуга оид