
Ўзбекистон ва Қозоғистон ФИФАнинг 1 млрд доллар кредити учун курашмоқда
Саудия тараққиёт фонди ва ФИФА қўшма дастури орқали стадионлар ва спорт инфратузилмаларини молиялаштиришни бошлади, дастурда Марказий Осиё давлатлари ҳам иштирок этмоқда.

ФИФА ва Саудия тараққиёт фонди (SFD) ривожланаётган давлатларда спорт инфратузилмасини молиялаштириш бўйича яна бир йирик шерикликни ишга туширди.
Sports.kz нашрининг ёзишича, томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолаб, спорт орқали миллий ривожланиш стратегиясига эга мамлакатларга кенг кўламли молиявий ёрдам беришга келишиб олди. Дастур доирасида 1 млрд долларгача имтиёзли кредитлар тақдим этилиши, бу маблағ ФИФА талабларига мос стадионлар қурилиши ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилиши белгиланган.
ФИФАнинг расмий баёнотига кўра, мазкур шерикликнинг асосий мақсади — ёшлар имкониятини кенгайтириш, ижтимоий интеграцияни қўллаб-қувватлаш ва спорт орқали иқтисодий фаолликни ошириш. Лойиҳаларни амалга оширишда ФИФА ва SFD мамлакатларнинг расмий органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради. Ушбу ташаббус ривожланаётган мамлакатларда спорт соҳасини барқарор самарали моделга айлантиришга қаратилган бўлиб, келгусида хусусий сектор ва халқаро ривожланиш институтларини ҳам жалб этишга хизмат қилади.
Имтиёзли кредитлар стадионларгина эмас, балки атроф инфратузилмалар — йўллар, ёритиш тизимлари, хавфсизлик инфратузилмаси ва транспорт боғланишларини ҳам қамраб олиши мумкин. ФИФА баёнотида таъкидланишича, бу давлатларга узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватловчи спорт инфратузилма экотизимини яратиш имконини беради.
ФИФАнинг Football Forward дастури ривожланаётган футбол мамлакатларига йўналтирилган бўлиб, унда спорт инфратузилмасини тубдан яхшилаш учун махсус грантлар ва кредитлар тақдим этилади. Мазкур рўйхатга Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам киритилган. Бу давлатлар сўнгги йилларда халқаро талабларга мос стадионлар қуриш, ёшлар футболини ривожлантириш ва миллий чемпионат инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш бўйича фаол режаларини амалга оширмоқда.
Шу боис, янги SFD–FIFA дастури доирасида тақдим этиладиган маблағлар учун Марказий Осиёнинг икки давлатнинг ҳам юқори имкониятга эга экани таъкидланмоқда. Кредитнинг мақсадли йўналтирилиши Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам халқаро стандартларига мос инфратузилма лойиҳаларига кучли туртки бериши мумкин.





