Logo

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида йирик битимлар пакети имзоланди

Томонлар 2 трлн сўмдан ортиқ меморандум ва тижорат шартномаларини имзолади. Шунингдек, қиймати 1,8 млрд доллардан зиёд бўлган 80 та қўшма саноат лойиҳаси амалга оширилаётгани, уларнинг бир қисми аллақачон ишга туширилгани ҳамда яна 1,5 млрд долларлик 59 та янги инвестиция ташаббуси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида йирик битимлар пакети имзоланди

Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл йўлакларининг ўтказувчанлик қобилиятини 35 миллион тоннадан 60 миллион тоннагача ошириш бўйича қўшма режани амалга оширмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати Оқтау шаҳрида ўтган икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 23-йиғилиши якунларига кўра маълум қилди.

Йиғилишда Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, чегараолди темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда қўшимча ўтказиш пунктларини очиш масалаларини муҳокама қилди.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил якунларида икки давлат ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 16 фоизга ўсиб, 32,3 миллион тоннага етган. Энди янги лойиҳалар мазкур кўрсаткични янада ошириш учун хизмат қилиши кутилмоқда.

Савдо ҳажми ошмоқда

Музокараларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам асосий мавзулардан бири бўлди. 2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,8 млрд долларга етган. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида эса бу кўрсаткич 37 фоизга ўсиб, 2,3 млрд долларни ташкил этган.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 10 млрд долларга етказиш мақсадини яна бир бор тасдиқлади. Бунинг учун умумий қиймати 7,8 млрд доллар бўлган инвестиция ва савдо лойиҳалари бўйича йўл харитасини амалга оширишга келишилди.

Саноат соҳасида ҳозирда қиймати 1,8 млрд доллардан ортиқ бўлган 80 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан 15 таси ишга туширилган бўлиб, қарийб 5 мингта янги иш ўрни яратилган. Яна 59 та янги инвестиция ташаббуси ишлаб чиқилмоқда.

Янги келишувлар имзоланди

Оқтауда Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари ташаббуси билан ташкил этилган Ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда чегараолди ҳамкорлик, туризм ва ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунларига кўра, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида умумий қиймати 80 млрд тенгеден ортиқ, яъни 2 трлн сўмдан зиёд бўлган меморандум ва тижорат шартномалари имзоланди.

Томонлар ушбу келишувлар Марказий Осиёдаги иқтисодий интеграцияни кучайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва чегараолди ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Теглар

Мавзуга оид