Logo

Ўзбекистон ва Хитой тўлов тизимларини интеграция қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда

Иккита миллий тўлов компанияси Хитойнинг WeChat ва Alipay каби тўлов тизимлари билан интеграция қилиниши мумкин.

Ўзбекистон ва Хитой тўлов тизимларини интеграция қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда © Foto: t.me/centralbankuzbekistan

Ўзбекистон ва Хитой тўлов тизимларини ўзаро боғлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси Темур Ишметов «Silk Road Finance & Technology Forum»и доирасида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Vaqt.uz» мухбири.

Форумда журналистлардан бири Марказий банк раисига Ўзбекистон ва Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси ва унинг таркибий қисми сифатида кўрилаётган «Рақамли Ипак йўли» (Digital Silk Road) билан интеграцияси қанчалик муҳимлиги ҳақида савол берди.

Ишметов саволга жавоб берар экан, Хитой билан иқтисодий алоқалар кўлами кенгайиб бораётгани икки мамлакат ўртасидаги тўлов инфратузилмасини ҳам ривожлантиришни талаб қилишини таъкидлади.

«Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлгани учун икки мамлакат ўртасидаги тўлов тизимларини интеграция қилиш масаласи табиий равишда кун тартибига чиқмоқда», – дейди у.

WeChat ва Alipay билан музокаралар олиб борилмоқда

Ишметовнинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги иккита миллий тўлов компанияси Хитойнинг тўлов компаниялари билан интеграция бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Улар орасида WeChat ва Alipay каби тўлов хизматлари ҳам бор.

«Бизнинг иккита миллий тўлов компаниямиз бор, уларнинг иккаласи ҳам хусусий. Улар аллақачон Хитойнинг тўлов компаниялари билан интеграция бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ҳеч бўлмаганда WeChat, Alipay ва бошқалар билан», — деди Ишметов.

Унинг таъкидлашича, Хитойдан Ўзбекистонга ва Ўзбекистондан Хитойга кўплаб одамлар бориб-келади. Шу сабабли тўловларни амалга оширишнинг қулай усулларини яратиш нафақат фуқаролар, балки бизнес учун ҳам муҳим.

 Марказий банк жараённи қўллаб-қувватлашга тайёр

Ҳозирча музокараларни Марказий банкнинг ўзи эмас, балки бозор иштирокчилари олиб бормоқда.

«Бозорнинг ўзи музокаралар олиб бормоқда ва биз Марказий банк сифатида қўллаб-қувватлаймиз ва ёрдамимизни кўрсатишга тайёрмиз», — деди Ишметов.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ Марказий банкнинг Ўзбекистон банк тизимини Basel III ва IFRS халқаро стандартларига тўлиқ мослаштириш режалари ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Хитой тўлов тизимларини интеграция қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда | Vaqt.uz