
Ўзбекистон хизматлар бозорининг қайси йўналишларида юқори ўсиш кузатилмоқда?
2025 йилнинг ўн ойида бозор хизматлари ҳажми кескин ошиб, айрим йўналишларда юқори ўсиш суръатлари қайд этилди.

2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 818,5 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, энг юқори ўсиш молиявий хизматлар ҳиссасига тўғри келди. Ушбу йўналишда хизматлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 124,5 фоизга ошди. Бу банк, суғурта, тўлов ва бошқа молиявий операцияларга талаб ортиб бораётганини кўрсатади.
Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳам юқори ўсиш суръатларини намоён этди. Ушбу соҳада ўсиш 119,6 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, ижара хизматлари 119,4 фоизга ўсиб, хизматлар бозорида фаол сегментлардан бири бўлиб қолмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 115,4 фоизга, меъморчилик ва муҳандислик хизматлари эса 114,6 фоизга ўсди. Бу инфратузилма, қурилиш ва тиббиёт соҳаларида фаоллик ошганини англатади. Транспорт хизматларида ўсиш 113,4 фоизни, савдо хизматларида эса 113 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, бошқа хизматлар 112,9 фоизга, компютер ва маиший товарларни таъмирлаш хизматлари 112,4 фоизга ўсган. Шахсий хизматлар ва кўчмас мулк билан боғлиқ хизматларда ўсиш мос равишда 111,6 ва 111,4 фоиз даражасида қайд этилди. Шу жумладан, яшаш ва овқатланиш хизматлари 108,8 фоизга, таълим соҳасидаги хизматлар эса 106,8 фоизга ўсди.



