
Ўзбекистон Япония билан таълим ва фан соҳасида стратегик шерикликни кенгайтиради
Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида таълим, фан ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш икки давлат муносабатларининг стратегик йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Токио шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Президенти Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Мацумото Ёхэй, Япония фанни илгари суриш жамияти раҳбарияти ҳамда Цукуба университети, Нагоя, Тоттори университетлари, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети ҳамда Нагоя иқтисодиёт университети раҳбарлари билан мулоқот қилди.
Давлат раҳбари Япония «иқтисодий мўъжизаси»нинг асосида таълим, фан ва инсон капиталига узоқ йиллар давомида амалга оширилган инвестициялар турганини таъкидлаб, ушбу тажриба Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Япония илмий тадқиқотларга сарфланадиган маблағлар ва патентлар сони бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади.
Япония таълим модели табиий фанлар ва математика бўйича мустаҳкам базага эгалиги, интизом, жамоавий ишлаш ва юқори сифат стандартлари билан ажралиб туради. Айниқса, муҳандислик, робототехника, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида япон дипломлари халқаро миқёсда юқори баҳоланади.
Бугунги кунда 2,8 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба Япония олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. JDS стипендия дастури орқали 440 нафардан зиёд давлат хизматчилари Японияда таълим олган. Шунингдек, Самарқандда ўтган ректорлар форуми икки давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилган.
Учрашувда сунъий интеллект, рақамли технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, «яшил» энергетика, барқарор ривожланиш, сейсмология ва «ақлли шаҳар» технологиялари устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Ушбу соҳаларда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги келишувларга эришилди.
Ҳамкорликни тизимли ривожлантириш мақсадида таълим ва фан бўйича қўшма комиссия, инновациялар бўйича консорциум ташкил этиш, шунингдек, ўқув жараёнига сунъий интеллектни жорий этиш таклиф этилди. Тадбир якунида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ва Цукуба университети билан Ўзбекистонда олий таълим муассасаси ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.





