
Ўзбекистон яшил иқтисодиётни ривожлантириш учун ОИИБ'дан 500 млн доллар қарз олади
Маблағлар давлат харидларида иқлимга мос стандартларни жорий этиш ва углерод кредитлари бозорини яратиш учун ишлатилади.

Ўзбекистон ва Осиё инфратузилма инвестиция банки (ОИИБ) барқарор бозорни ривожлантириш моделига ўтиш дастурини молиялаштириш бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.
Маблағлар асосан кам углеродли иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, иқлим ўзгаришига чидамли тизимларни кучайтириш ва давлат секторида самарадорликни оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш учун сарфланади. Дастур энергетика секторида, шунингдек йирик давлат корхоналарида бошқарув шаффофлигини оширишни мақсад қилади.
Лойиҳа доирасида давлат харидлари тизимига иқлимга мос стандартларни жорий этиш, углерод кредитлари бозори учун аниқ қоидаларни ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бунда мониторинг ва текшириш механизмларини кучайтириш орқали хусусий капитални жалб этиш имкониятлари кенгайтирилади.
Ўтказилаётган дастур Жаҳон банки билан биргаликда молиялаштирилади ва Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича миллий стратегиясига тўлиқ мос келади. Шу билан бирга, у «Ўзбекистон 2030» стратегиясида белгиланган тоза энергия ва ресурслар самарадорлигига оид мақсадларни амалий қўллаб-қувватлайди.
ОИИБнинг бош инвестиция директори Константин Лимитовскийнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус иқлим молиялаштиришини кенгайтириш, хусусий сектор иштирокини кучайтириш ва мамлакатда барқарор иқтисодий ўзгаришлар учун мустаҳкам асос яратади. Унинг фикрича, бу ислоҳотлар энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали ҳаво сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Тоза энергия ечимларини жорий этиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва ҳаво сифатини яхшилашга ёрдам беради деб кутилмоқда. Бундан ташқари, энергия тежамкор технологияларга киришни кенгайтириш аҳоли учун энергия харажатларини камайтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Хоразм ва Қорақалпоғистондаги қишлоқ йўлларини реконструкция қилиш бўйича 71,1 миллион доллар миқдорида кредит ажратиш юзасидан келишувга эришганди. Бу келишув 173,4 миллион долларлик икки босқичли молиялаштириш режасининг биринчи траншини ташкил этади.





