
Ўзбекистонда 10 ойда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 93 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди
Ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақида хабар берганларга ундирилган жарима суммасидан 20 фоизи, яъни жами 27,1 млрд сўм мукофот тўлангани маълум қилинди.

2025 йилнинг январ–октябр ойларида Солиқ мобил иловасининг «Солиқ ҳамкор» тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 93 239 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Фото: t.me/fiskaltahlil
Қайд этилишича, мурожаатларнинг асосий қисми – 84 266 таси харид чеки бермаслик ҳақида бўлган. Шу жумладан, 3 380 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаганлик учун юборилган. Шунингдек, 191 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш ҳамда 5 402 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича бўлган.
Таъкидланишича, мурожаатларнинг 47 199 таси такрорий бўлганлиги ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётганлиги сабабли кўриб чиқилмаган.
Мурожаатлар асосида 39 457 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 98,8 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 38 711 та ҳолат бўйича (ундирилган жарима суммасидан 20 фоизи) 27,1 млрд сўм мукофот тўланган. Бунда энг кўп мурожаат йўлланган ва мукофот берилган ҳудудлар қуйидагилар бўлди:
Тошкент шаҳри – 6,6 млрд сўм;
Самарқанд вилояти – 2,7 млрд сўм;
Тошкент вилояти – 2,3 млрд сўм.





