add

Ўзбекистонда 121 та тоғ, тоғ тизмаси ва чўққиларининг расмий номлари тасдиқланди

Кеча 20:402 дақиқа

Ўзбекистонда 121 та тоғ, тоғ тизмаси ва чўққининг расмий номлари давлат тили меъёрларига мослаштирилди. Янги атамалар хариталар, расмий ҳужжатлар ва давлат реестрларида мажбурий қўлланилади.

Ўзбекистонда 121 та тоғ, тоғ тизмаси ва чўққиларининг расмий номлари тасдиқланди

Ўзбекистонда географик объектлар номларини тизимлаштириш бўйича навбатдаги муҳим қарор қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатимиздаги айрим географик обйектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакат ҳудудида жойлашган 121 та тоғ тизими, алоҳида тоғ ва чўққининг расмий номлари давлат тили меъёрларига мувофиқ қайта кўриб чиқилди ва қонуний мақомга эга бўлди.

Масалан, Тошкент вилояти Писком тоғ тизмасидаги «Аделунга» чўққиси — «Писком», «Пингвин» чўққиси — «Темиртош», Чотқол тоғ тизмасидаги «Анна77» чўққиси — «Эгар», «Пионер» чўққиси — «Янгиобод» деб ўзгартирилган.

Қарор «Давлат тили тўғрисида» ва «Географик объектлар номлари тўғрисида»ги қонунлар ижросини таъминлаш доирасида қабул қилинган. Ҳужжатга кўра, тасдиқланган номлар эндиликда хариташунослик материаллари, расмий ҳужжат айланмаси, давлат кадастрлари ҳамда турли реестрларда ягона стандарт сифатида қўлланилади.

Ишчи жараён давомида махсус Республика комиссияси фаолият юритди. Комиссия мавжуд топонимларни атрофлича ўрганиб, вақт ўтиши билан шаклланган лингвистик бузилишлар ва ноаниқликларни бартараф этди. Айрим ҳолатларда тарихий манбаларга таянилган ҳолда асл, илмий жиҳатдан асосланган ва миллий меросга мос номлар тикланди.

Ҳукуматда таъкидланишича, географик номларни стандартлаштириш фақат техник ёки маъмурий масала эмас. Бу жараён миллий маданий меросни сақлаш, тарихий хотирани ҳимоя қилиш ва давлат тили нуфузини мустаҳкамлашнинг муҳим қисми ҳисобланади. Номлардаги ягона ёндашув расмий манбалар ўртасидаги тафовутларни бартараф этишга хизмат қилади.

Мутахассисларга кўра, янги тасдиқланган номлар таълим, туризм, илмий тадқиқотлар ва инфратузилма режалаштириш соҳаларида ҳам аниқлик ва ишончлиликни оширади. Айниқса, хариталар ва электрон маълумотлар базаларида турли номлар қўлланилиши билан боғлиқ муаммоларнинг олди олинади.

Мазкур қарор келгусида бошқа турдаги географик объектлар — дарёлар, кўллар ва аҳоли пунктлари номларини ҳам тизимли равишда қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид