Ўзбекистонда 15 турдаги маҳсулот учун хомашёга импорт божлари бекор қилинади
Ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 турдаги маҳсулот учун зарур хомашё импортида божларни бекор қилишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонда айрим маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ва бутловчи қисмлар импортига божхона божлари бекор қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, амалдаги тариф сиёсатида “тариф инверсияси” ҳолатлари кузатилмоқда. Яъни, тайёр маҳсулотлар импорт қилиниши арзонроқ, аммо шу маҳсулотларни мамлакат ичида ишлаб чиқариш учун керакли хомашёларга юқори божлар қўлланмоқда.
Бундай вазият маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини пасайтириб, айрим корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини чекламоқда. Шунингдек, геосиёсий вазият туфайли айрим мамлакатлардан хомашё етказиб беришда нотариф тўсиқлар ҳам юзага келаётгани қайд этилди.
Ҳукумат бу муаммони ҳал этиш мақсадида “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими доирасида хомашё импортига божларни бекор қилишни таклиф этмоқда. Бу механизм орқали тадбиркорлар хомашёни божсиз олиб кириб, тайёр маҳсулотни ички бозорда сотиши мумкин бўлади.
Ходжаев қандолат маҳсулотлари мисолида вазиятни тушунтириб, айни пайтда шоколад ва бошқа ширинликларни импорт қилиш маҳаллий ишлаб чиқаришдан арзонга тушаётганини билдирди. Бунга асосий сабаб — тайёр маҳсулотларга божлар йўқлиги, аммо хомашёга божлар сақланиб қолганидир.
Янги тартиб доирасида 15 турдаги маҳсулот учун хомашё импортида божлар бекор қилиниши мумкин. Улар қаторига:
— электр скутерлар;
— ногиронлик аравачалари;
— кунгабоқар ёғи;
—мармеладлар;
— карамелли ширинликлар;
— шоколад;
— болалар озуқаси;
— тез тайёрланадиган угра;
— пряник ва печеньелар;
— вафлилар;
— пироглар;
— кекслар;
— жем ва мурабболар;
— консерваланган қулупнай;
— шакарли ичимликлар каби маҳсулотлар киради.
Расмийларга кўра, бу чора маҳаллий ишлаб чиқарувчилар харажатларини камайтириб, ички бозорда рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.





