Logo

Ўзбекистонда 23:00 дан кейин шовқин қилишга чеклов қўйилди

Бугун 19:552 дақиқа

Энди шовқиннинг зарарли таъсири оқибатида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундирилиши мумкин.

Ўзбекистонда 23:00 дан кейин шовқин қилишга чеклов қўйилди

Президент Шавкат Мирзиёев «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
 
Қонунга кўра, одамни сезиларли даражада безовта қилмайдиган, инсон организмининг функционал тизимларида ва шовқинга сезгир бўлган аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган ҳамда санитария қоидалари ва нормаларида белгиланадиган шовқин даражаси шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси ҳисобланади.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
 
Шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқинлар жумласига қуйидагилар киради:
 
• турар жой бинолари ҳудудида инсонларнинг маиший, уй-хўжалик фаолияти натижасида юзага келадиган шовқин;
• қурилиш майдонларидаги меҳнат фаолияти туфайли ҳамда қурилиш техникаси ва транспорт воситаларидан юзага келадиган шовқин;
• турли тоифадаги транспортларнинг ишлаши ва ҳаракатланиши натижасида юзага келадиган шовқин ва бошқалар.

Қонунда белгиланган тартибда қуйидаги вақт оралиғида шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ шовқин чиқариш орқали фуқароларнинг осойишталигини бузишга йўл қўйилмайди:
 
• иш кунлари соат 23.00 дан 07.00 гача;
• дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари соат 22.00 дан 09.00 гача.
 
Шовқиннинг зарарли таъсири оқибатида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундирилиши мумкин.
 
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид