Logo

Ўзбекистонда аҳолининг валюта савдолари  31 фоизга ошиб, $19,1 млрдга етди

Бугун 10:152 дақиқа

2026 йилнинг биринчи ярмида аҳолининг валюта айирбошлаш операциялари айланмаси 31 фоизга ошиб, $19,1 млрдга етди. Эътиборлиси, аҳоли банкларга сотган хорижий валютаси улардан харид қилганидан $5,5 млрдга кўп бўлди.

Ўзбекистонда аҳолининг валюта савдолари  31 фоизга ошиб, $19,1 млрдга етди © addx.co

Ўзбекистонда аҳоли билан банклар ўртасидаги валюта савдоси сезиларли даражада ошди. Йилнинг биринчи ярмида аҳоли банкларга сотган хорижий валютаси улардан харид қилганидан $5,5 млрдга кўп бўлди.

Бу ҳақда Марказий банкнинг 2026 йил I ярим йиллиги бўйича Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари шарҳида маълум қилинди.

2026 йилнинг январь–июнь ойларида банклар ва жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ёки $4,5 млрдга ошиб, $19,1 млрдни ташкил этди.

Банклар аҳолидан кўпроқ валюта сотиб олди

Ҳисобот даврида банклар жисмоний шахслардан $12,3 млрд миқдорида хорижий валюта сотиб олган. Бу 2025 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 35 фоизга кўп.

Банкларнинг аҳолига сотган валютаси ҳажми эса 26 фоизга ошиб, $6,8 млрдга етган.

Шу тариқа, банклар аҳолидан сотиб олган валюта ҳажми сотганидан $5,5 млрдга кўп бўлган. Бир йил аввал бу фарқ $3,7 млрдни ташкил этган.

Бу аҳоли томонидан ички валюта бозорига таклиф қилинаётган хорижий валюта ҳажми ошганини кўрсатади.

Валюта айирбошлашда онлайн хизматлар улуши ошди

Валюта олди-сотди операцияларининг асосий қисми — 59 фоизи ёки $11,2 млрд — валюта айирбошлаш шохобчалари орқали амалга оширилган. Бу кўрсаткич бир йил ичида 33 фоизга ошган.

Масофавий хизматлар, яъни онлайн каналлар орқали эса $7,5 млрдлик операция амалга оширилган. Бу жами айланманинг 39 фоизини ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга кўп.

24/7 режимида ишлайдиган банкоматлар орқали $404 млнлик валюта олди-сотди операциялари амалга оширилган. Ушбу кўрсаткич бир йилда 61 фоизга ошган.

Масофавий хизматлар ва валюта банкоматлари орқали амалга оширилаётган операциялар улушининг ортиши аҳолининг рақамли банк хизматларидан фойдаланиши кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Аҳолининг соф валюта таклифи ошди

Жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган валюта ҳажмининг банклардан харид қилинган валютадан сезиларли даражада юқори бўлиши аҳолининг ички валюта бозоридаги соф валюта таклифи ошганини кўрсатмоқда.

Хусусан, жисмоний шахслар сегментидаги соф валюта таклифининг жами валюта айирбошлаш айланмасидаги улуши 2025 йилнинг биринчи ярмидаги 26 фоиздан 2026 йилнинг мос даврида 29 фоизга ошган.

 

Мавзуга оид

Ўзбекистонда аҳолининг валюта савдолари  31 фоизга ошиб, $19,1 млрдга етди | Vaqt.uz