
Ўзбекистонда Aplle Pay ва Google Pay тўлов тизимларини жорий этилиши мумкин
Вашингтонда АҚШнинг етакчи компаниялари билан учрашган Президент Мирзиёев энергетика, IT ва инфратузилма соҳаларида аниқ ҳамкорлик йўналишларини баён қилди.

2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари вакиллари билан учрашув ўтказди. Тадбирда «Google», «Meta», «Amazon», «Boeing», «McKinsey», «John Deere» каби йирик корпорациялар раҳбарлари, АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник ва бошқа расмийлар қатнашди, деб хабар бемоқда Президент матбуот хизмати.
Президент сўнгги 8 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробар ошганини, мамлакатимизда 300 дан ортиқ Америка компанияси фаолият юритаётганини қайд этди. У бугунги даражани янги стратегик босқич деб баҳолар экан, яқин кунларда АҚШ Президенти Доналд Трамп билан бўлиб ўтадиган учрашувда қўшма иқтисодий ташаббуслар муҳокама қилинишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев 2030 йилгача 18–20 GW қувватга эга қайта тикланувчи энергетика тизими яратилишини маълум қилди. Электр энергиясининг камида ярми қуёш ва шамол манбалари ҳисобига ишлаб чиқарилади. Бу борада АҚШ билан уран, мис, молибден ва графит каби хомашёни қайта ишлаш ва етказиб бериш занжирларини шакллантириш режалаштирилган.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга 2030 йилгача 12 млрд доллар йўналтириш кўзда тутилган. Автомобил ва темир йўллар, аэропортлар ва логистика терминаллари модернизация қилинади.
Шунингдек, рақамли ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. «Google», «Meta» ва «NVIDIA» компаниялари билан бирга Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини жорий этиш, стартап-ҳаблар ва Рақамли академия ташкил этиш лойиҳалари илгари сурилмоқда.
Президент DFC ва Eksimbank каби молиявий институтлар Ўзбекистондаги янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Учрашув якунида у АҚШ сармоядорларини шахсан қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун ишончли ҳамкор бўлиб қолишини урғулади.





