Logo

Ўзбекистонда айрим юк машиналари импорти бож ва утилизация йиғимидан озод қилинди

Бугун 14:212 дақиқа

2027-йил охиригача айрим юк автомобиллари ва ярим тиркамаларини олиб киришда божхона божи ҳамда утилизация йиғими ундирилмайди.

Ўзбекистонда айрим юк машиналари импорти бож ва утилизация йиғимидан озод қилинди © cannonlogistics.com.au

Президент автомобил транспортида юк ташувларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Ҳужжатга мувофиқ, республикадаги юк автомобиллари паркини янгилаш ва модернизация қилиш мақсадида 2027-йил 31-декабргача ишлаб чиқарилганига беш йилдан ошмаган айрим юк транспорт воситалари импортида божхона божи ҳамда утилизация йиғимининг ноль ставкалари қўлланилади.

Имтиёзлар «Евро-5» ва ундан юқори экологик стандартларга жавоб берадиган юк автомобиллари, тортувчи транспорт воситалари, шунингдек тўла вазни 15 тоннадан ортиқ ёки юкхонасининг ички ҳажми камида 76 куб метр бўлган ярим тиркамаларга татбиқ этилади.

Имтиёзлар қайси ҳолатда бекор қилинади


Қарорда имтиёзларни сақлаб қолиш шартлари ҳам белгиланган. Агар имтиёз асосида импорт қилинган транспорт воситаси божхона расмийлаштирувидан ўтган кундан эътиборан уч йил ичида экспорт қилинса, имтиёзлар бекор қилинади.

Шунингдек, транспорт воситаси ёқилғи турини ўзгартиришдан ташқари мақсадларда қайта жиҳозланиб, унинг ТИФ ТН коди ўзгарса ҳам берилган енгилликлар амал қилмайди. Бундай ҳолларда импортчи тегишли божхона тўловлари ва утилизация йиғимини белгиланган тартибда тўлаши лозим.

Сертификатлаш ҳам енгиллашади

Қарор Европа стандартларига мос юк автомобиллари ва ярим тиркамалар импорти учун яна бир енгилликни ҳам назарда тутади. Унга кўра, мазкур транспорт воситаларини мажбурий сертификатлашдан вақтинча озод этиш бўйича алоҳида ҳукумат қарори қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ импорт қилинадиган асосий саноат хомашёлари учун божхона имтиёзлари 2027 йилгача узайтирилганлиги ҳақида маълумот берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда айрим юк машиналари импорти бож ва утилизация йиғимидан озод қилинди | Vaqt.uz