Ўзбекистонда банк депозитлари 421 трлн сўмдан ошди

Бугун 16:192 дақиқа

2026 йил февраль ойида банк депозитлари 421,9 трлн сўмга етди, ўсиш давлат банклари ва аҳоли ҳисобига таъминланди

Ўзбекистонда банк депозитлари 421 трлн сўмдан ошди

2026 йил феврал ойи якунига кўра, Ўзбекистон банк тизимидаги жами депозитлар ҳажми 421 трлн 877 млрд сўмга етди. Бу январ ойига нисбатан 1 трлн 854 млрд сўмга кўп. Бир қарашда ижобий динамика кузатилган бўлса-да, депозитлар таркибидаги ўзгаришлар бир қатор муҳим сигналларни кўрсатмоқда.

Ўсиш асосан аҳоли омонатлари ҳисобига таъминланган. Феврал ойида жисмоний шахслар депозитлари 3 трлн 396 млрд сўмга ошиб, 163 трлн 879 млрд сўмни ташкил этди. Бу эса банклар учун энг асосий ликвидлик манбаи айнан аҳоли маблағлари бўлиб қолганини англатади. Аҳоли омонатларини сақлаш бўйича бўйича «Kapitalbank» (26,15 трлн сўм), «Milliybank» (17,57 трлн сўм) ва «Agrobank» (17,13 трлн сўм) етакчи бўлиб қолмоқда.

Бироқ шу даврда юридик шахслар депозитлари аксинча 1 трлн 541 млрд сўмга камайиб, 257 трлн 998 млрд сўмга тушди. Айниқса, йирик давлат банкларида бизнес маблағларининг чиқиб кетиши кузатилди. Хусусан, «SQB» (-1 трлн 076,9 млрд сўм), «Asakabank» (-715,3 млрд сўм) ва «Ipak Yo'li bank»(-613,8 млрд сўм)да пасайиш қайд этилди.

Бизнес депозитларининг қисқариши иқтисодиётда инвестиция фаоллиги сусайгани ёки корхоналар ўз ликвидлигини сақлаб қолишга кўпроқ эътибор қаратаётганини англатиши мумкин.

Шу билан бирга, юридик шахслар маблағларини жалб қилиш бўйича етакчиликни «Milliybank» (32,46 трлн сўм), «Xalq banki» (21,57 трлн сўм) ва «Ipotekabank» (21,35 трлн сўм) сақлаб қолмоқда — бизнес депозитларининг асосий қисми айнан ушбу банкларда жамланган.

Давлат банкларидаги депозитлар

Феврал ойида давлат банкларидаги депозитлар 1 трлн 678 млрд сўмга кўпайди. Хусусан, «Agrobank» (+1 трлн 663 млрд сўм), «Aloqabank» (+414 млрд сўм), «Xalq banki» (+351 млрд сўм) ва «Mikrokreditbank» (+246 млрд сўм) юқори ўсиш кўрсатди. «SQB» 688,9 млрд сўм ва «Asakabank» 426,4 млрд сўм камайди.

Хусусий банклардаги депозитлар

Хусусий банклар орасида эса умумий ўсиш нисбатан паст — 176 млрд сўмни ташкил қилди. Бу сегментда «Octobank» (+744 млрд сўм), «Kapitalbank» (+706 млрд сўм) ва «Anorbank» (+556 млрд сўм) етакчи бўлди. Бироқ «KDB» (-727 млрд сўм), «Orient Finans bank» (-659,1 млрд сўм) ва «Ipotekabank» (-617 млрд сўм)да сезиларли қисқариш қайд этилди.

Жами депозитлар ҳажми бўйича рейтингнинг юқори поғоналарини «Milliybank» — 50,03 трлн сўм, «Kapitalbank» — 44,44 трлн сўм ва «Agrobank» — 36,02 трлн сўм кўрсаткичлари билан эгаллаб турибди.

Муддат ва ҳудудлар кесимида

Муддатлар бўйича таҳлил шуни кўрсатадики, энг катта улуш узоқ муддатли — 1 йилдан ортиқ депозитларга тўғри келиб, 157 трлн 859 млрд сўмни ташкил этган. Шунингдек, талаб қилиб олингунча депозитлар 120 трлн 665 млрд сўмни, 180–365 кунлик депозитлар 65 трлн 336 млрд сўмни ташкил қилди.

1

Ҳудудлар кесимида мутлақ устунлик Тошкент шаҳрига тўғри келади — 322 трлн 623 млрд сўм ёки жами депозитларнинг 76,5 фоизи. Кейинги ўринларда Самарқанд (12,09 трлн сўм), Бухоро (11,39 трлн сўм), Хоразм (11,29 трлн сўм) ва Қашқадарё (8,63 трлн сўм) вилоятлари жойлашган.

2

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 784

Барчаси

Мавзуга оид