add

Ўзбекистонда дачаларни ижарага бериш энди Soliq иловаси орқали расмийлаштирилади

20.11.2025 | 18:352122 Дақиқа

2026 йилдан аҳоли томонидан дачаларни ижарага бериш Soliq мобил иловаси орқали амалга оширилади. Миллий туризм ягона платформаси ва унинг мобил иловаси ишга туширилади.

Ўзбекистонда дачаларни ижарага бериш энди Soliq иловаси орқали расмийлаштирилади

Ўзбекистон президентининг 20 ноябрдаги қарори билан 2026 йил 1 июлдан аҳоли томонидан дала ҳовлиларини ижарага бериш Soliq мобил иловаси орқали амалга оширилади. Ҳужжатда туризм соҳасини рақамлаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан аҳоли томонидан дала ҳовлиларини ижарага бериш Soliq мобил иловаси орқали «мен билан бирга» шаклида бир нафар шахс номига бирга дам олувчилар сонини кўрсатган ҳолда соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб миллий туризм ягона платформаси ва унинг мобил иловаси ишга туширилади. У орқали:

хорижий туристларнинг розилиги асосида Давлат чегарасини кесиб ўтишда йиғиладиган маълумотларни интеграция қилган ҳолда туристик электрон SIM-карта билан улаш ва вақтинча бўлиш жойи бўйича рўйхатга олиш проактив шаклда амалга оширилади;

мулкчилик шаклидан қатъи назар транспортнинг барча турлари интеграция қилинган ҳолда саёҳат йўналишини тузиш, энг мақбул йўналиш ва транспорт турини танлаш, чипталарни онлайн банд қилиш ва сотиб олиш имконияти яратилади;

чипта хўжалиги жорий қилинган барча туризм объектлари, шу жумладан, музейлар, маданий мерос объектлари, маданият, кўнгилочар ва дам олиш объектларига билетларни онлайн сотиб олиш имкониятига эга бўлган ягона чипта тизими жорий қилинади;

экскурсиялар ўтказиш учун интерактив хариталар, планшетлар, аудиоёрдамчи, видеоёрдамчи ҳамда онлайн трансляциялар воситасида туристик объектлар ҳақида ахборот бериш имконини берувчи рақамли гид тизими ишга туширилади;

жойлаштириш воситалари томонидан хорижий ва маҳаллий туристлардан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим биллинг тизими орқали автоматик тарзда тўғридан-тўғри Жамғармага ўтказилади.

Бундан ташқари, 2026 йил якунига қадар миллий туризм ягона платформаси доирасида «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплекси билан интеграция қилган ҳолда республика ҳудудларига туристлар оқимлари (тоифаларга қараб) ва уларнинг хоҳишларини таҳлил қилиш, персоналлаштирилган маршрутлар ва таклифларни яратиш, шунингдек, нарх шаклланиши ва ресурслар тақсимланиши каби имкониятларни назарда тутувчи сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш тизими жорий этилади.

Теглар

Мавзуга оид