
Ўзбекистонда экологик тоза ҳудудлар мақоми қонун билан белгиланмоқда
Парламентда экологик тоза ҳудудларда корхоналар фаолияти, пластик маҳсулотлар ва оқова сувлар билан боғлиқ янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси парламентда кўриб чиқилди. 23 декабр куни бўлиб ўтган мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилди.
Қонун лойиҳаси экологик тоза ҳудудларнинг мақоми ва махсус режимига аниқ ҳуқуқий асос яратишни назарда тутади. Шунингдек, мазкур ҳудудларда хўжалик фаолиятини экологик талаблар асосида ташкил этиш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш асосий мақсад сифатида белгиланган.
Лойиҳага кўра, экологик тоза ҳудудларда фаолият юритиб, оқова сув ҳосил қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар ишлаб чиқариш объектлари ва автомобил ювиш шохобчалари мажбурий тарзда оқова сувларни тозалаш иншоотлари билан жиҳозланиши шарт бўлади. Бу талаб табиий сув ресурсларининг ифлосланишини олдини олишга қаратилган.
Шу билан бирга, тозаланган оқова сувларни чиқариб юбориш учун махсус тўрларига улаш ёки уларни йиғиш учун муқобил иншоотлар қуриш, айланма сув таъминоти тизимини жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасида табиий объектлар ва экотизимларга салбий таъсир кўрсатувчи саноат объектларини қуриш ҳамда уларнинг фаолият юритишига чекловлар жорий этиш назарда тутилган. Экологик тоза ҳудудларда бундай ишлаб чиқариш қувватларига рухсат берилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, табиий органик полимер маҳсулотлардан ташқари бир марталик пластик маҳсулотларнинг муомалада бўлишини чеклаш таклиф этилмоқда.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Сенатига юборилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экоқўмита қошида ташкил этилган давлат мақсадли жамғармасига 2025–2026 йилларда 1,4 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилгани ҳақида хабар бергандик.





